Ўзбекистон ва Туркманистон электр энергиясини яна бир йил давомида етказиб бериш бўйича ўзаро битим имзолади, дея хабар қилди инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов «Газета.uz»га Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 5 октябрда Тошкентга ташрифи доирасида.

«[Битим] кейинги йилга ҳам узайтирилди… Нархлар аниқ олдинги даражада сақланган», — деди у.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Туркманистондан Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Туркманэнерго» компаниялари ўртасида 2019 йил 29 ноябрда имзоланган келишув ва унга қўшимча битимларга мувофиқ равишда амалга оширилмоқда.

«2022 йилнинг январидан декабригача электр энергиясини етказиб бериш «Туркманэнерго» ДЭЭК ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари"АЖ ўртасидаги навбатдаги қўшимча битим асосида амалга оширилади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги етказиб бериладиган электр энергияси ҳажми ва нархини маълум қилишдан бош тортди. 2019 йил декабрь бошида қўшни республикадан икки кун ичида 14,9 млн ва 15,4 млн кВт*с электр энергия импорти амалга оширилгани маълум қилинганди.

2020 йил февралида Туркманистондаги юқори волтли электр узатиш тармоғида юзага келган авария натижасида Ўзбекистонга электр энергиясини етказиб бериш 780 МВт дан 60 МВт га тушиб кетган эди.

Ўзбекистон сўнгги уч йил ичида аҳоли истеъмоли ва саноат учун қўшни давлатлардан электр энергияси импортини қайта тиклади. 2018 йилда Қирғизистон ва Тожикистондан импорт қайта йўлга қўйилди, 2019 йил июлида — Қозоғистондан Марказий Осиё энергетика тизими ишларидаги иштироки доирасида.

2020 йилда Ўзбекистон 115,7 млн долларлик ёки 2019 йилга нисбатан 2,1 баравар кўп электр энергияси импорт қилди. 2021 йилнинг дастлабки 8 ойи ичида ушбу кўрсаткич 110 млн долларга етди. Шу билан бирга, мамлакат 2020 йилда 135 млн долларлик, 2021 йилнинг январь-августида эса 82,5 млн долларлик электр энергиясини экспорт қилган.