3 октябрь куни соат 22:13 да Тошкентнинг Чилонзор тумани 7-мавзе 59-уйда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Етти қаватли янги бинонинг иккинчи кириш қисмида газ портлади.

Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун ФВВнинг 5 та ёнғин-қутқарув экипажи дарҳол воқеа жойига етиб борган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, айни вақтда, уй аҳолиси жабрланмаган. Қурбонлар йўқ», — дейилади хабарда.

ФВВнинг қўшимча қилишича, вазият оқибатида бир нечта квартираларга қисман зарар етган, дераза ва эшиклар шикастланган.

Айни вақтда ҳамкорликдаги хизматларнинг мутахассислари ушбу фавқулодда вазиятнинг сабабларини ўрганмоқдалар. 17 нафар уйи шикастланган фуқаролар вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштирилди, дейилади хабарда.