COVID-19 пандемияси бутун дунё аҳолиси ижтимоий турмуши, ҳаёт тарзи ва меъёрларида туб бурилиш ясади. ЖССТ маълумотларига кўра, 28 сентябрь ҳолатига дунё миқёсида COVID-19 инфекциясидан зарарланганлар сони 232 миллиондан ошди, ўлим ҳолатлари эса қарийб 4,7 миллиондан зиёдни ташкил этди.

Ўзбекистонда, 27 сентябрь ҳолатига, расман қайд этилган COVID-19 га чалиниш ҳолатлари 172 мингдан ортиқни, ўлим ҳолатлари 1230 тани ташкил этди.

COVID-19 инфекциясидан ҳимояланиш ва тарқалишининг олдини олишнинг ягона йўли — вакцинация. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, 28 сентябрь ҳолатига дунё миқёсида коронавирусга қарши 6 миллиард 142 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланилди. Шунга қарамай, дунё бўйлаб аҳоли орасида ихтиёрий тарзда эмланишдан бош тортиш ҳолатлари учрамоқда.

Гарвард университети (АҚШ) Кеннеди мактабининг Белфер фан ва халқаро алоқалар маркази эмланишдан ихтиёрий бош тортаётган миллионлаб америкаликларга мурожаат қилиб, вакцина олиш зарурлигининг 16 та сабабларини келтирди.

Мазкур сабаблардан бохабар бўлиш ҳар қандай мамлакат аҳолиси учун фойдадан ҳоли бўлмаслигини ҳисобга олган ҳолда, «Газета.uz» қуйида Белфер маркази санаб ўтган 16 та сабабни тақдим этади.

Нега вакцина олиш керак?

1. COVID-19`га қарши эмланиш — COVID-19 организмда келтириб чиқарган вирусга қарши ҳимоя қобиғини ҳосил қилишда иммун тизимига ёрдам беришнинг энг хавфсиз йўли.

2. Тўлиқ вакцинацияланиш орқали COVID-19 инфекциясини юқтириш хавфингиз 5 мартага камаяди.

3. Тўлиқ эмланиш орқали COVID-19`нинг оғир кўриниши билан касалланиб, шифохонада даволанишни талаб қилувчи вазиятни бошдан кечириш хавфингиз 10 мартага камаяди.

4. Тўлиқ вакцинацияланиш орқали сизда COVID-19`дан ўлим хавфи 10 мартага камаяди.

5. Агар сиз аллақачон SARS-CoV-2`ни бошдан кечирган бўлсангиз, тўлиқ вакцинацияланиш вирусни қайта юқтиришга қарши қўшимча ҳимоя вазифасини ўтайди.

6. Тўлиқ эмлангандан сўнг вирус юқтирган одамларда касалликнинг жиддий кечиши эҳтимоли камроқ ва симптомлар эмланмаган ва COVID-19`га чалинганларга қараганда енгилроқ кузатилади.

7. Тўлиқ эмлангандан сўнг вирус юқтирган одам организми вирусдан эмланмаган одамникига қараганда тезроқ халос бўлади, сабаби организмда вирусга қарши антитаначаларнинг бутун бошли армияси курашга шай туради.

8. Тўлиқ эмлангандан сўнг COVID-19`нинг «дельта» варианти билан касалланган одамнинг инфекция ташиш даври, эмланмаган одам билан солиштирилганда, қисқароқ давом этиши кузатилмоқда.

9. Тўлиқ вакцинацияланиш орқали оилангиз, яқинларингиз, дўстларингиз ва атрофдагиларга COVID-19`ни юқтириш хавфингиз камаяди.

10. Тўлиқ эмлангандан сўнг вирус юқтирганда узоқ давом этадиган COVID-19`ни бошдан кечириш хавфингиз деярли икки бараварга камаяди.

11. Агар сиз ҳомиладор бўлсангиз, ҳомиладорлик даврида вакцина қабул қилиш вирус юқтириш ва госпитализация хавфини камайтиради. Ҳомиладор аёл эмланганидан кейин организмда ишлаб чиқарилган антитаначалар янги туғилган чақалоқларни ҳам COVID-19`дан ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин.

Маълумот ўрнида шуни эслатиш лозимки, ҳомиладор ва бола эмизаётган аёлларга вакциналарнинг таъсири қандай бўлиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

12. Эмланганингиздан кейин барча турдаги фаолиятлар хавфсизроқ бўлади.

13. COVID-19`га қарши қўшимча кислород ёки алоҳидаланган тартибдаги даволашни талаб қилмаган ҳолда касалхоналар фаолияти ортиқча зўриқишининг олдини оласиз.

14. Тўлиқ эмланиш орқали сиз иммунитети заиф бўлганлар, шунингдек, COVID-19`нинг оғир ҳолатига чалиниш хавфи юқори бўлганлар ва ҳатто эмланишга ҳали рухсат этилмаган болаларни ҳимоя қилишга ёрдам берган бўласиз.

15. Вакцинация вирус тарқалишини қисқартириш ва коронавируснинг янги штаммлари авж олишининг олдини олишни таъминлайдиган оммавий иммунитет шаклланишига ёрдам беради.

16. Тўлиқ эмланиш орқали сиз барчамизга пандемияни тезроқ тугатишга ёрдам берасиз.