Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашув чоғида Афғонистодаги вазиятга тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Нигоҳ» Телеграм-канали хабар берди.

«Кўпчилик демократияни турлича талқин қилади. Мен учун демократия халқимиз тинчлиги, фаровонлиги, тенг ҳуқуқлилиги», — деди президент.

«Албатта, демократияни ҳар бир давлат ўзича тушунади. Мана, Афғонистондаги ҳолат ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, Афғонистондаги вазият ҳар куни диққат марказда. «Чегарага дахл қилишга ҳеч кимга йўл қўймаймиз. Чунки Ўзбекистонда қонун устувор, жазо муқаррар», — дейди давлат раҳбари.

Аввалроқ, президент кеча давлат чегарасини бузиб ўтишга уриниш бўлганлигини маълум қилган эди. «Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди — наманганлик эди», — деди президент.