Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШ иқлим инқирозини бартараф этиш бўйича жамоавий ва якка ҳолдаги мажбуриятларини ўз зиммаларига олдилар. «C5+1» давлатлари ҳукуматларининг 16 сентябрдаги вазирлар йиғилиши якуни бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда (матн 22 сентябрда эълон қилинди) бу ҳақда сўз боради. Онлайн учрашувда Марказий Осиё давлатларининг иқлим муаммолари бўйича давлат органлари раҳбарлари ва АҚШ президентининг иқлим масалалари бўйича махсус элчиси Жон Керри иштирок этди.

«„С5+1“ давлатлари ҳукуматлари бугун дунё тўқнаш келаётган иқлим инқирозининг таҳликали характерини тасдиқлади. Иқлим ўзгариши аллақачон Марказий Осиё давлатларида қор ёғишини камайтирди, озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергия ишлаб чиқаришда сувнинг мавжудлигига салбий таъсир кўрсатиб, чўлланиш ва тупроқ деградациясини тезлаштирмоқда ва биологик хилма-хилликни камайтирмоқда», — дейилади ҳужжатда.

«С5+1»нинг барча давлатлари уларнинг миллий даражада белгиланадиган хиссаларга (МДБҲ) иссиқхона газларини қисқартириш бўйича аниқ мақсадлар ва ушбу мақсадларга эришиш учун аниқ хатти-ҳаракатларни киритишга ваъда бердилар, дейилади баёнотда.

Миллий даражада белгиланадиган ҳиссалар (МДБҲ) — 2015 йилда имзоланган Париж келишувининг муҳим элементи ҳисобланади. Келишув доирасида томонларга ўз давлатларида чиқиндиларни камайтириш миллий режаларини тайёрлашга ва ҳар беш йилда янгилаб туриш мажбурияти юкланган. Мамлакатлар 31 октябрь — 12 ноябрь кунлари Глазгода БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 26-конференцияси олдидан МДБҲни тақдим этишлари шарт.

«С5+1» давлатлари «асрнинг ўрталарига келиб нолга тенг, тоза энергия келажагига ўтишни олға суриш учун дунёнинг биргаликда ҳаракат қилиши зарурлигини» тан олдилар. Иштирокчилар қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва метан чиқиндиларини камайтириш каби соҳаларда, шунингдек, иқлим ўзгаришидан ҳимояланмаган аҳолини қўллаб-қувватлаш орқали бу мақсадларга эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг «салоҳияти»ни қайд этишди.

«Шу билан бирга, „С5+1“ давлатлари иқлим ўзгаришига қарши тезкор чора-тадбирлар иқтисодий ўсиш двигателига айланиши мумкинлигини тан олдилар ҳамда минтақавий энергия алоқаларини кенгайтириш ва энергия кўрсаткичларини яхшилашдан келиб чиқадиган имкониятларни тан олдилар», — дейилади матнда.

«С5+1» давлатлари, шунингдек, Орол денгизи қуриб кетишининг «кенг кўламли оқибатлари» юзасидан хавотир билдирдилар ва экологик тоза, юқори технологияли инновацияларни жорий этиш орқали Марказий Осиёда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, иқлим ўзгариши оқибатида чўлланиш ва потенциал миграциянинг олдини олувчи энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда экотуризмни ривожлантиришга «қизиқишларини тасдиқладилар».

Баёнотда таъкидланишича, «C5+1» давлатлари Глазгода бўлиб ўтадиган конференция олдидан энергия ва атроф-муҳит бўйича ишчи гуруҳи йиғилишини ўтказиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

«C5+1» давлатлари зиммасига олган мажбуриятлар

Ўзбекистон Глазго конференциясида 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 25% га етказишга қаратилган «кенгайтирилган ва улуғвор» МДБҲни тақдим этмоқчи. Мазкур вазифа 2019−2022 йилларда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқларида энергия самарадорлигини оширишнинг комплекс дастурига киритилган.

Қозоғистон 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришмоқчи ва 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 15% га етказмоқчи.

Қирғизистон иссиқхона газлари чиқиндиларини «одатдагидек бизнес» шарти билан 16 фоизга ва халқаро кўмагида 44 фоизга камайтириш мажбуриятлари билан МДБҲ лойиҳасини кўриб чиқишнинг якуний босқичида.

АҚШнинг 2030 йилга бориб бутун иқтисодиёт миқёсида иссиқхона газлари соф чиқиндиларини 2005 йилга нисбатан 50−52 фоизга камайтириши кутилмоқда. Қўшма Штатлар, шунингдек, 2035 йилга бориб, ўз электр тизимини декарбонизация қилиш ниятида.