Экологик партия раҳбари ва президентликка номзод Нарзулло Обломуродов турли хил баҳоналар билан маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси асосида дарахтлари кесилиши давом этаётганлигини танқид қилди.

«Дарахтларни кесишга мораторий жорий этилгани, тобора камёблашиб бораётган яшилликни асраб-авайлаш масаласига давлат даражасида эътибор қаратилаётганига қарамасдан кўр-кўрона дарахт кесилиши нега давом этмоқда? Дарахтларга қирон келтираётган кимсаларга кимлар рухсат бермоқда, кимлар бундан манфаатдор бўляпти?», — деб ёзди у Telegram каналида.

«Афсуски, бу саволларга жўяли жавоб берадиган, масъулиятни зиммасига оладиган бирор идора ёки ташкилот топилмаяпти ҳозирча», — дея таъкидлади у.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълум қилишича, 17 сентябрь куни кечаси экоинспекторлар саломатлик йўлакчаси қурилиши учун экскаваторлар ёрдамида 13 та дарахт қўпорилаётганлигини аниқлашган (барча шаҳар ва туман марказларида юриш ва велоспорт учун «саломатлик йўлакчалари»ни қуриш Ўзбекистон президентининг 2020 йил октябрь ойидаги соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш тўғрисидаги қарори билан белгиланган эди).

Дарахтларнинг кесилиши бўйича сўнгги ҳолатлардан бири Сирдарё вилоятидаги Янгиер шаҳрида кузатилди. Куни кеча Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида саломатлик йўлакчаси қурилиши белгиланган ҳудудда 12 дона шумтол ва 1 дона тут дарахти қўпориб ташаланаётгани аниқланган.

«Нима эмиш, Сирдарё тумани ҳокимининг тегишли фармойишида туман ҳудудидаги қуриб ўсишдан тўхтаган дарахтларни кесиб туман захирасига олиниши кўрсатилган эмиш. Ахир ўша томири билан қўпориб ташланаётган дарахтлар барги ям-яшил экани кўриниб турибди-ку», — дея норозилигини билдиради Нарзулло Обломуродов.

«Агар ҳақиқатдан ҳам қуриган ва кесиб ташлашга эҳтиёж бўлган дарахт бўлса, нега улар кундуз куни, жамоатчилик кўз ўнгида кесилмади. Айнан ярим кечада дарахт кесиш кимга керак бўлиб қолди? — дея сўради у. — Бу ишдан бир қинғирликнинг ҳиди келиб тургани аён ҳақиқат эмасми?»


Фото: Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Экопартия раҳбари олдин ҳам дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишга чақирганлигини эслатди. «Яқин атрофда яшовчилар дарахт кесилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиниши зарур», — дея таъкидлади у.

«Кўп давлатларда бу амалиёт аллақачон қўлланилмоқда. Кесилиши режалаштирилган дарахт яқинида бундай эълон 30 кун мобайнида осиб қўйилади. Унда дарахтнинг ўзи ҳақида маълумот берилади, унинг кесилиш сабаблари ва жамоат муҳокамаси ўтказиладиган вақт ва манзил кўрсатилади. Марҳамат, барча хоҳловчилар муҳокамада иштирок этсин. Ана шундагина ярим кечаси дарахт кесишга чиқишга ҳожат қолмайди», — деди Нарзулло Обломуродов.

Шуни таъкидлаш лозимки, бу «саломатлик йўлаклари»ни қуриш учун дарахтларнинг кесилиши бўйича биринчи ҳолат эмас. Мамлакатда кўча ва йўлларни кенгайтириш учун дарахтларни кесиш амалиёти ҳам учрайди.