Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемияси келтириб чиқарган глобал инқироз фонида мамлакатда ишлаб чиқариш кескин қисқаришининг олдини олиш мақсадида фискал (бюджет-солиқ) сиёсатдан асосий восита сифатида фойдаланди. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров сентябрь ойи ўртасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълумот берди.

Бюджет-солиқ сиёсати (фискал сиёсат) — бу давлатнинг иқтисодиётга таъсир кўрсатиш мақсадида солиқлар ва давлат харажатларини тартибга солишга қаратилган ҳатти-ҳаракати.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2019 йилда давлат мақсадли жамғармалари харажатлари ЯИМга нисбатан 27% ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 30−31% атрофида бўлиши кутилмоқда.

«Агар биз бюджет-солиқ сиёсатидан [иқтисодиётни рағбатлантиришда] инструмент сифатида фойдаланмаганимизда ва ишлаб чиқаришга инвестиция харажатларини оширмаганимизда, 2020 йилда ЯИМнинг пасайишининг олдини ололмаган бўлардик» — дея қайд этди у.

Аҳадбек Ҳайдаров Ўзбекистон 2020 йилда ЯИМнинг ижобий ўсишига эришган саноқли давлатлар қаторида бўлганлигини эслатиб ўтди (1,6%). Шунингдек, 2021 йилда ЯИМ қарийб 7% га ўсиши кутилаётганлигини маълум қилди.

Манба: lex.uz

Шу ўринда Аҳадбек Ҳайдаров келгуси беш йилликдаги вазифаларга тўхталди.

«Энди асосий мақсадимиз — давлат бюджети харажатларини инқирозгача бўлган даврдаги даражага — яъни максимум 27% га тушириш. Бу, ўз навбатида, бюджет тақчиллигини камайтириш имконини беради» — дея қайд этди вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, кейинги йилдан бюджет тақчиллигини (бюджет харажатларининг даромадидан ошиб кетиши) босқичма-босқич камайтириб бориш кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси икки йилда бюджет тақчиллиги 2,5−2,6% атрофида бўлиши кутилмоқда. Кейинчалик мазкур кўрсаткични 2% чегарасида ушлаб туриш режалаштирилмоқда.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, давлат бюджети харажатлари ва бюджет тақчиллигини камайтириш инфляция даражасини 2023 йилга келиб режалаштирилган 5% га тушириш имконини беради.

Аҳадбек Ҳайдаров ҳукумат томонидан давлат қарзига ЯИМга нисбатан 60% даражасида чегара қўйилганлиги, лекин асл мақсад — ушбу кўрсаткични 45−50% дан оширмаслик эканлигини маълум қилди.

«60% лик чегара давлат қарзи ЯИМга нисбатан 60% га етади дегани эмас. Макроиқтисодий барқарорлик даврида давлат қарзини 45−50% чегарасида ушлаб туриш керак бўлади. Лекин инқироз шароитида, айтайлик, ЯИМ қисқариши ёки бюджет тақчиллиги ўсганида давлат қарзи маълум даражагача кўтарилиши мумкин, лекин [ЯИМга нисбатан] 60% дан ошмайди. Иқтисодий фаоллик қайта тикланганидан кейин эса кўрсаткич яна 45−50% лик чегарага қайтади», — дея изоҳ берди у.

2021 йилнинг иккинчи чорагида давлат қарзи 1 млрд долларга — 24,2 млрд долларгача ўсди ва, ўз навбатида, ЯИМга нисбатан 38,5% ни ташкил этди.

«Биз йил охиригача кўрсаткични шу даражада сақлаб қолиш чораларини кўрамиз. Келгуси беш йилда давлат ташқи қарзини ЯИМга нисбатан 45−50% дан оширмасликни режалаштиряпмиз», — дея қайд этди Аҳадбек Ҳайдаров.

Молия вазири ўринбосари, аввалроқ, ҚҚСни 12 фоиз, фойда солиғини 15 фоизга тушириш бюджет даромадлари шаклланишида катта йўқотишларга олиб келмаслигини маълум қилган эди. У камайган солиқ тушумларининг ўрнини қоплаш бўйича истиқболдаги режаларни ҳам айтиб ўтган.