Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 13 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида келгуси йилларда солиқ ставкаларининг пасайтирилиши бюджет тушумларига қандай таъсир қилиши хусусида маълумот берди.

Сентябрь бошида Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурини тақдим қилар экан, 2023 йилдан ҚҚС 15% дан 12% га, 2022 йилдан мол-мулк солиғи — 2% дан 1,5% га, алоҳида турдаги корхоналар учун фойда солиғи 20% дан 15% га туширилишини айтиб ўтган эди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, солиқ ставкалари тўғридан-тўғри пасайтирилган ҳолда бюджет тушумлари камайиши аниқ. Бу катта тайёргарлик талаб этадиган жараён ҳисобланади.

«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўқотиш катта бўлмайди… Биринчидан, яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш, иккинчидан, имтиёзларни бекор қилиш ҳамда ҚҚС маъмурчилигини кучайтириш ҳисобига йўқотишларни қоплаш имконига эга бўламиз», — деди Аҳадбек Ҳайдаров.

Президент ҚҚС даражасини 20% дан 15% га тушириш орқали 100 минг тадбиркор ихтиёрида10 трлн маблағ қолишига имкон яратишини айтиб ўтган эди.

Аҳадбек Ҳайдаров алоҳида тоифадаги корхоналардан олинадиган фойда солиғини 20% д ан 15% га тушириш масаласига ҳам тўхталди. Ҳозирги пайтда фойда солиғини 20% лик ставкада тўлайдиган алоҳида тоифадаги корхоналарга қуйидагилар киради:

  • банклар;
  • цемент ишлаб чиқарувчилар (октябрдан — 15%) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар;
  • асосий фаолият тури мобил алоқа хизматларини кўрсатишдан иборат бўлган корхоналар;
  • бозор ва савдо марказларида хизмат кўрсатишдан фойда олувчилар.

«Даромад солиғини 20% дан 15% га тушириш бевосита йўқотишга олиб келади. Аммо бу турдаги корхоналарнинг аксарияти давлат корхоналари эканлигини ҳисобга олсак, уларда дивиденддан олинадиган даромадлар ошади ва дивиденддан олинадиган солиқ ҳисобига [йўқотишларнинг] бир қисми қопланади… Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг кенгайиши ҳисобига бошқа турдаги солиқ тушумларини ошириш имконига эга бўламиз» — деди молия вазири ўринбосари.

2021 йилги давлат бюджетини тасдиқлашда ҚҚС (46,9 трлн сўм), фойда солиғи (26 трлн сўм) ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (12,9 трлн сўм) бюджет даромадларининг асосий манбаси бўлиши маълум қилинган эди.

2019 йил сентябрь ойида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов ҚҚС ставкасининг 20% дан 15% гача пасайиши ҳисобига давлат бюджетига солиқ тушумларининг камайиши қандай компенсация қилиниши кўзда тутилганини маълум қилган эди. Ўшанда ҳукумат акциз солиғи ставкаларини индексация қилиш, ташқи иқтисодий фаолиятни эркинлаштириш, шунингдек, электрон ҳисоб-фактураларни жорий этиш, солиққа тортиладиган базани ва ҚҚС тўловчилар доирасини кенгайтириш чора-тадбирларини қўллаган.