«Бизнес юритиш» (Doing Business) ҳисоботларининг чиқишига масъул бўлган жамоа аъзолари ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги фаолиятини бошқарадиган шахслар «Ўзбекистон протоколи» деб ном олган амалиёт ишлатилганидан бехабарлар. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz»га юборган баёнотида маълум қилди.

«Doing business» 2018 ва 2020 йиллар бўйича рейтингидаги маълумотларнинг номувофиқлиги фактлари ва ҳолатларига мустақил ташқи шарҳ бериш учун жалб қилинган WilmareHale юридик фирмасининг ҳисоботида бундай «протокол» мавжуд бўлганлиги ва у Жаҳон банкининг операцион фаолиятига қандайдир таъсир кўрсатганлигини тасдиқловчи фактлар келтирилмаган, — дейилади баёнотда.

16 сентябрь куни ЖБ ижрочи директорлар кенгаши WilmerHale ҳисоботини эълон қилишни маъқуллади. Ўтган йилнинг август ойида ЖБ Doing Business рейтингини эълон қилишни 2018 ва 2020 йилги ҳисоботлардаги маълумотларнинг ўзгартирилганлиги билан боғлиқ хабарлар сабабли тўхтатиб қўйганлигини маълум қилган эди.

WilmerHale ҳисоботида «Ўзбекситон протоколи» деб ном олган амалиёт қисқача тилга олинади. Шу билан бирга, Doing Business жамоаси аъзолари ушбу «протокол» ҳақида билмасликлари, бу тасдиқланган методологик тамойил эмаслиги ҳам қайд этилган.

ЖБ ваколатхонасининг баёнотида шундай дейилади: «Жаҳон банки сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ бозор иқтисодиёти йўлидаги кенг ва улкан мақсадли иқтисодий трансформацияси доирасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун амалга оширилаётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди. Бу ислоҳотлар ички ва ташқи савдони эркинлаштиришни, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш тартибини соддалаштиришни, шунингдек, солиқ тизимини ривожлантиришни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар натижасида ишбилармонлик муҳити ва давлат молиявий бошқарувида ўзгаришлар амалга ошди».

2018−2019 йилларда мамлакатда «хорижий капитал иштирокидаги янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар сонининг сезиларли ўсиши кузатилди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми ошди, янги корхоналар ва даромад солиғини тўлайдиган шахсларни рўйхатга олиш эса янги рекорд кўрсаткичларни қайд этди», — дея таъкидлайди ЖБ ваколатхонаси.