Жаҳон банки дунё мамлакатларида бизнес юритиш енгиллиги бўйича йиллик Doing Business рейтингини 2018 ва 2020 йилги ҳисоботларда маълумотлар ўзгариши билан боғлиқ номувофиқликлар тўғрисидаги хабарлар сабабли нашр этишни тўхтатди, дея хабар берилади ташкилот расмий сайтида.

«Маълумотлардаги ўзгаришлар Doing Business методологиясига мос келмади», — дейилади хабарда.

Ташкилот сўнгги беш йиллик ҳисобот маълумотларини қайта кўриб чиқмоқчилигини ҳамда ушбу текширув Жаҳон банкининг мустақил ички аудит гуруҳига топширилганини маълум қилди. Шу боис, рейтингнинг нашр этилиши текширув муддати давомида тўхтатилади.

«Биз олинган натижаларга қараб бузилишлардан энг кўп зарар кўрган мамлакатларнинг маълумотларини ретроспектив усулда тўғрилаймиз», — дея ваъда қилинди банкнинг раҳбарияти томонидан.

Маълумот учун, Жаҳон банки нашр этадиган Doing Business рейтинги — бу кичик ва ўрта бизнеснинг ишбилармонлик фаоллигини яхшилайдиган ёки чеклайдиган қонунчиликни баҳолайдиган йиллик ҳисобот. Рейтингнинг биринчи ҳисоботи 2003 йилда нашр этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил якунларига асосан Ўзбекистон Doing Business рейтингида дунё бўйлаб 190 баҳоланган давлатдан 69-ўринни эгаллаган эди. 2018 йил июль ойида эса президент Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг Doing Business рейтингида мавқеини яхшилаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унда 2022 йилга қадар мамлакатда тадбиркорлик учун рейтингнинг юқори йигирматалик даражасига мос шароитлар яратиш вазифаси қўйилган.