Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Тошкентдаги Романовлар cаройи биносини реконструкция қилиш лойиҳаси амалга оширилаётганини маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, 2019 йилда жамғарма Романовнинг собиқ қароргоҳини реконструкция қилиш ва Давлат санъат музейи филиали биносига жойлаштириш бўйича меъморий лойиҳани ишлаб чиқишни бошлаган.

Ҳозирги вақтда дастлабки концепция тайёр ва у экспозиция режаси, бино қаноти учун меъморий ва режалаштириш ечими, юз йиллик дарахтларни сақлаган ҳолда, қўшимча яшил майдонларни экиш ва мавжуд фаввораларни тиклаш бўйича ишлаб чиқилган ландшафт дизайни ва техник ишланмаларни ўз ичига олади.

«Концепциянинг асосий ғояси — жамоатчилик учун очиқ майдон яратиш. Ташриф буюрувчилар нафақат музей меҳмони бўлишлари, балки саройнинг боғ ҳудудида ҳам вақт ўтказишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Саройни қайта тиклаш лойиҳасида Ўзбекистонлик мутахассислар билан биргаликда ишлайдиган Atelier Brückner компанияси мутахассислари жалб қилинган. Германия компанияси мураккаб кўргазма лойиҳалари ва доимий музей экпозициялари учун архитектура майдонлари концепциялари ва дизайнини ишлаб чиқишга ихтисослашган.

Atelier Brückner муваффақиятли бажарилган лойиҳалари орасидан Мюнхендаги BMW музейи (2008), Брюсселдаги «Бу Опера"(That's Opera) кўргазмаси (2008), Аугсбургдаги Тўқимачилик саноати музейи (2010), Амстердамдаги Миллий денгиз музейи (2011), Ҳемницдаги Давлат археология музейи (2015), Сеулдаги Hyundai MotorStudio (2017) ва Гизадаги Буюк Миср музейи (2018) ўрин олган.

Княз Николай Константинович саройи 1891 йилда меъморлар Вильгельм Гейнцельман ва Алексей Бенуа томонидан қурилган. Икки қаватли бу бино кулранг-сариқ рангли пишган ғиштдан ишланган ҳамда мураккаб ҳажмли ва кенг майдонли дизайн ечимига эга. Сарой фасадлари нафис тўрли панжаралар, деразалар ва декоратив кичик миноралар билан безатилган. Кириш эшиги зинапоянинг ҳар икки томонидан соф ўлчамдаги ит ҳайкаллари билан қўриқланади, пойдеворларда бронза кийиклар жойлашган.

1935 йилда бино Ленин номидаги Пионерлар саройи бўлган. 1980-йилларда у қимматбаҳо буюмлар коллекцияси намойиш этиладиган музейга айланди. Мустақиллик давридан бошлаб, бино Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қабуллар уйи сифатида хизмат қилган.

2020 йилда бинонинг ҳолати қандайлигини аниқлаш мақсадида фонд архивланган маълумотларни батафсил ўрганиб чиқди. Таҳлил давомида бино архитектурасининг аксар қисми асл тузилишини сақлаб қолганлиги аниқланди. Кейинчалик, тарихий объект конструкциясининг барқарорлигини аниқлаш учун техник текширув ўтказилди.

Янги филиалда кейинги экспозицияларни жойлаштириш учун экспертлар Ўзбекистон Давлат санъат музейи фондидан йиғилган санъат асарлари коллекциясини алоҳида ўрганиб чиқдилар. Бир вақтлар саройни безаб турган мармар ва бронзадан ясалган ҳайкалларга қўшимча равишда, Ғарбий Европанинг рассомчилик коллекцияси, чинни буюмлар, интерер буюмлари ва бошқа қимматли санъат асарларини музейга қайтариш режалаштирилган, дейилади хабарда.