Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондан Хоразм вилоятига кетаётиб, дастлаб Амударёда қурилаётган кўприкни кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, президент ушбу кўприк лойиҳаси билан ўтган йили декабрда Хоразмга ташрифи чоғида танишган, кўп ўтмай унинг қурилиши бошланган. Бугунги кунда қирғоқлар темир-бетон билан мустаҳкамланиб, кўприкнинг таянч устунлари қурилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Лойиҳанинг қиймати 174 миллион доллар бўлиб, унинг эвазига 80 километрлик темир йўл ва Амударё устида 413 метр узунликдаги кўприк барпо этилади.

Президент қурилиш ишларининг боришини кўздан кечирди.

«Бу одамлар узоқ йиллар кутган лойиҳа. Энди янада кўп йиллар халқимизга хизмат қилиши керак. Шунинг учун биринчи ўринда сифат. Ажратилган маблағ кичкина эмас. Тажрибали мутахассисларни жалб этиб, ҳар бир жиҳатни ўйлаб, элимга, юртимга деб қуриш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қўшимча қилинишича, кўприкнинг қурилиши Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл масофаси 240 километрга, вақти эса 6 соатга қисқартиради.

«Маҳаллий юк ташиш ҳажми йилига 12 миллион тоннадан 25 миллион тоннага ошади. Шунингдек, халқаро транзитлар учун ҳам қулайлик кенгаяди. Автомобиллар ҳаракати яхшиланиб, аҳолининг узоғи яқин бўлади», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Лойиҳа «Ўзбекистон темир йўллари» нинг маблағлари ва кредит ресурслари ҳисобига амалга оширилади. Кўприк қуриш ишларини «Кўприкқурилиш» трести («Ўзбекистон темир йўллари» таркибига киради) олиб боради.

Кўприк қурилиши 2022 йил центябр ойига якунланиши режалаштирилган.