Пермь давлат миллий тадқиқот университетида рўй берган отишмада жароҳатланган ва ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуп Кабулжанов маълум қилди.

Вазият Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган, деб қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, 20 сентябр куни эрталаб қуролланган йигит Пермь давлат университети кампусига ўқ узган, шундан сўнг у ўқув биносида отишмани давом эттирган. Саккиз киши ҳалок бўлди, 28 киши яраланди.

РИА Новости хабарига кўра, қўнғироқдан сўнг воқеа жойига биринчи бўлиб ЙПҲ ходимлари етиб келишган. Улардан бири эвакуацияни уюштирган, иккинчиси тажовузкорни қидира бошлаган. У зинапоядан биринчи қаватга тушаётганида полициячини кўриб, унга қарата ўқ уза бошлаган. ИИВ ходими уни жавоб қайтарувчи ўт билан зарарсизлантирган, сўнгра биринчи ёрдам кўрсатган.

Маълумки, ҳужумчи Пермь давлат университети талабаси. «Тергов томонидан уни тавсифловчи материаллар тўпланмоқда, ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқланмоқда», — деди Россия Тергов қўмитасининг расмий вакили Светлана Петренко.

Маълум бўлишича, ҳужумчи қуролни шу йилнинг май ойида қонуний равишда сотиб олган.