10 сентябрь куни соат 13:50 да Мирзаобод тумани, Деҳқонобод МФЙ ҳудудидаги дала майдони четидаги жинғил буталари орасидан ёқиб юборилган ҳолдаги аёл жасади топилган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида, номаълум мурданинг шахсига аниқлик киритилган. Ушбу жиноятни содир қилган шахслар С.К. ҳамда унинг жиноий шериклари Л.К., С.М., В.Д. ва Ж.М. лар эканлиги аниқланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзаобод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (Қасддан одам ўлдириш ўта шафқатсизлик билан) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида танаси 100% куйиб кетгани айтилган шахс тирик бўлиб чиққанлиги ҳақида хабар берилган эди. У аслида қарзини тўламаслик учун ўзини ўлдига чиқариб қўрсатиш режасини тузиб, Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган бошқа фуқарони ўлдирганлиги маълум бўлган.