Испанияда ўрмон ёнғинлари туфайли минглаб одамлар уйларини ташлаб кетишди

Испания жанубидаги Aндалусия ҳудудида ўрмон ёнғинлари натижасида 2 мингга яқин одам ўз уйларини ташлаб кетди. Якшанба куни яна олтита шаҳар ва қишлоқ эвакуация қилинди. Фожиада фавқулодда хизмат ходимларидан бири ҳалок бўлди. Маҳаллий ОАВга кўра, ёнғин натижасида 7,4 минг гектар майдон ёниб кетган. — ВВС.


Францияда «санитария паспорти»га қарши норозилик намойишларида 120 мингдан ортиқ киши қатнашган

Фото: Alaattin Dogru/Getty Images

Шанба куни Франциянинг бир қатор шаҳарларида жами 121 мингга яқин одам «санитария паспорти»га қарши норозилик намойишларида қатнашди. BFM TV’нинг ёзишича, Париждаги намойишларда 19 минггача одам қатнашган, полиция улардан 104 нафарини ҳибсга олди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг уч ходими жароҳат олди.

Нашрнинг эслатишича, «санитария паспорти» қаршилари кетма-кет тўққизинчи шанба Франция шаҳарлари кўчаларига чиқишмоқда. Шу билан бирга, сўнгги ҳафталарда иштирокчилар сони тобора камайиб бораётгани кузатилмоқда. Франция ИИВ маълумотларига кўра, ўтган шанба куни норозилик намойишларида 140 минг киши қатнашган. Ушбу кўрсаткич ўтган икки ҳафтада эса мос равишда 165 минг ва 175 минг кишини ташкил қилган. — BFM TV.


Лондон мустақиллик бўйича референдум ўтказишга рухсат беради деб умид қиламан — Шотландиянинг биринчи вазири

Шотландия биринчи вазири, Шотландия миллий партияси раҳбари Никола Стержен Буюк Британия ҳукумати ҳудуднинг мустақиллиги бўйича ўтказиладиган янги референдумда ҳамкорлик йўлини танлайди, деган умидда. Бу ҳақда ТАСС РА’га таяниб хабар бермоқда.

«Менинг бошқарув ва сиёсатга ёндашувим қарама-қаршиликка эмас, балки, иложи борича, ҳамкорликка асосланади. Шунинг учун ҳам ҳамкорлик руҳида Шотландия ва Британия ҳукуматлари 2014 йилда бўлгани каби келишувга эришади деб умид қиламан. Шотландия халқининг демократик истаклари эшитилади ва ҳурмат қилинади. Бу аниқ — демократия ғалаба қозониши керак ва шундай бўлади», дея келтиради нашр Стерженнинг сўзларини. Сиёсатчининг фикрича, агар 5,5 млн аҳолилик ҳудуд ажралиб кетса, Лондон ва Эдинбург ўртасидаги ўзаро муносабатлар янада кучаяди. «Мустақил Шотландия ва Буюк Британиянинг қолган қисми ўртасидаги ҳамкорлик давом этади, лекин бундан ҳам мустаҳкам асосда, Шотландия тенг ҳуқуқли шерик бўлади», — деди у.

Стержен ўтган ҳафта 2023 йил охиригача плебисцит ўтказишни режалаштираётганини ва коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган режалар ўзгармаслигини тасдиқлади. Бироқ Лондонда, Шотландия етти йил олдин ўз танловини қилганини ҳисобга олиб, Эдинбургга бундай ҳуқуқни бермасликларини таъкидлаб келишмоқда.

Шотландия мустақиллиги бўйича референдум 2014 йилда бўлиб ўтган эди. Иштирокчиларнинг камида 55 фоизи Эдинбург ва Лондон ўртасидаги иттифоқни сақлаб қолиш тарафдори бўлганди.


Мьянмада қаршилик кучлари томонидан 50 га яқин ҳарбий ва полициячи ўлдирилди

Мьянманинг Чин штати ва Магуэй ҳудудида тинч аҳоли қаршилик кучлари томонидан уюштирилган иккита ҳужум оқибатида 50 га яқин нафар ҳарбий ва полициячи ҳалок бўлди. Хабарга кўра, икки уюшманинг 200 га яқин вакили Чин штатидаги қишлоқлардан биридаги ҳарбий постга ҳужум қилган, бироқ кейинроқ улар орқага чекинишган. Шанба куни кечқурун 400 киши иккинчи марта ҳужум уюштириб, бу объектни эгаллашга муваффақ бўлишди. Жанг пайтида 12 нафар аскар ҳалок бўлди, қаршилик кучларининг 8 нафар вакили жароҳат олган. Ўқотар қурол ва ўқ-дориларни тортиб олгач, ҳужумчилар ҳарбий постни ёқиб юборишди.

Магуэй вилоятидаги полиция постига қилинган ҳужум пайтида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг беш ходими ўлдирилди, 3 нафар ҳужумчи яраланди. Воқеа жойига қўшимча куч сифатида юборилган яна 30 нафар полициячи пистирмада ўлдирилган. — The Irrawaddy.

Бундан ташқари, Мьянма қуролли кучлари ва Вьетнам Мудофаа вазирлиги қўшма корхонасига тегишли 80 дан ортиқ телекоммуникация миноралари қаршилик кучлари томонидан йиқитилган. Магуэй, Сагаинг ва Янгон вилоятларида мамлакат ҳарбийлари камида 12 нафар тинч аҳолини отиб ўлдирдилар.

1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳукумат раҳбарлари ҳибсга олингани ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида эълон қилган эдилар. Ушбу қарор сохталаштирилган парламент сайловлари туфайли қабул қилингани таъкидланганди. Август ойида Мьянма Давлат маъмурий кенгаши мамлакат муваққат ҳукумати тузилишини эълон қилганди. Мьянма қуролли кучлари бош қўмондони, катта генерал Мин Аун Хлайн бош вазир лавозимини эгаллади. 2023 йилнинг иккинчи ярмида мамлакатда янги сайловлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.


«Толибон» Барадарнинг вафот этгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Aфғонистон муваққат ҳукумати раҳбарининг ўринбосари Aбдул Ғани Барадар ўлдирилгани ёки яралангани ҳақидаги хабарлар асоссиз, дея маълум қилди ҳаракат расмий вакили Муҳаммад Соҳаил Шоҳин. «Мулла [Aбдул] Ғани Барадар Охунднинг яралангани ёки ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар асоссиз ва ёлғон, мен уларни қатъий рад этаман», — дейди Шоҳин.

Aввалроқ ОAВда «Толибон» гуруҳлари ўртасида отишма натижасида Барадарнинг яралангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. — ТАСС.

Афғонистондаги вазият бўйича бошқа янгиликлар:

  • «Толибон» хавфсизлик хизмати Мозори-Шарифда болаларни ўғрилаб кетаётган гуруҳ йўқ қилингани ва тўрт нафар вояга етмаган бола озод қилинганини эълон қилди. Ҳаракат кучлари бу махсус операцияни душанба куни кечаси ўтказди. Хабарга кўра, гуруҳда тўрт нафар афғон эркак ва бир ўзбек аёли бўлган. Уларнинг ҳаммаси ўлдирилган. — Aamaj News.
  • Қатар ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Aбдулраҳмон Ас-Соний «Толибон»ни мажбуриятларни бажаришга чақирди. Вазир, шунингдек, толибларни аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва халқаро ҳамжамият билан муносабатларни ривожлантиришга чақирди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, Қатар самолётлари Кобул аэропортига учишни давом этмоқда. — Интерфакс.
  • БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФAО) бош директори Цюй Дунъюй Афғонистонда гуманитар вазиятнинг ёмонлашишига йўл қўймаслик учун мамлакат халқига шошилинч ёрдам кўрсатиш зарурлиги ҳақида гапирди. «ФAО кейинги тўрт ой ичида яна 3,5 млн кишига ёрдам бериш учун зудлик билан 36 млн долларга муҳтож», деди ташкилот директори. Йил бошидан бери ФAО 1,9 млндан ортиқ кишига ёрдам берди, дея қўшимча қилди у. — ТАСС.
  • АҚШ Aфғонистонга 64 млн долларга яқин қўшимча гуманитар ёрдам кўрсатади, деб хабар берди AҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд. Унинг таъкидлашича, бу маблағлар афғонларни зарур озиқ-овқат ва тоза сув билан таъминлашга ёрдам беради. Бундан ташқари, гуманитар ёрдам аёллар, болалар, этник ва диний озчиликларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга сарфланади. — Интерфакс.
  • Франция Aфғонистонга 100 млн евро миқдорида гуманитар ёрдами кўрсатади, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан.

Шунингдек:

  • BMW China Automotive Trading тўла бакдан ёқилғининг сирқиб тўкилиши хавфи туфайли Хитой бозоридан 142 754 та автомобилни қайтариб олади. Сирқиб тўкилиш бакларнинг конструктив камчиликлари натижаси содир этаётгани айтилмоқда. 2011 йил 7 сентябрдан 2016 йил 30 апрелгача чиқарилган, Хитойга импорт қилинган 116i, 118i, 120i, 125i, 218i, 220i, 320i, 325i, 328i, 330i, 340i, 420i, 428i, 430i, 435i, 440i, M135i, M2, M235i, M3, M4 ва Active Hybrid 3 моделлари қайтарилади. 3 серия машиналарини қайтариб олиш жараёни бошланган, қолган автомобиллар 29 октябрдан бошлаб қабул қилинади. Бузилган қисмлар бепул алмаштирилади.
  • КХДР 11 ва 12 сентябрь кунлари янги узоқ масофали қанотли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. «Учирилган ракеталар КХДР ҳудуди ва ҳудудий сувлари устидан траекториялар бўйлаб 7580 сония давомида учиб ўтди, 1,5 минг км масофадаги нишонларни урди», дейилади хабарда.