«Толибон» ҳаракати Ўзбекистон ТИВга Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан табрик мактубини йўллади. Бу ҳақда ТИВ расмий вакили хабар берди.

Мактуб Афғонистон Ислом Амирлиги музокаралар гуруҳи аъзоси ва «Толибон» ҳаракати сиёсий идораси матбуот котиби Муҳаммад Суҳайл Шаҳин томонидан ўз раҳбарияти номидан йўлланган, деб маълум қилди Юсуф Кабулжанов.

«Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизнинг конструктив ролини Афғонистоннинг ҳозирги раҳбарияти ҳам тан олади», — дея қайд этди у.

Табрикда шундай дейилади: «Биродар Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти ва халқини Мустақиллик байрами билан самимий табриклаймиз. Биз қўшни Ўзбекистон билан самарали ва дўстона муносабатлар ўрнатишни хоҳлаймиз. Ўзбекистон иштирокида Афғонистонда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, темир йўл ва электр узатиш тармоқларини қуришни давом эттиришдан манфаатдорлигимизни тасдиқлаймиз».

Унда шунингек, «Афғонистон Ислом Амирлиги томонидан ўзбек шерикларимизга бу йўналишда барча зарур ёрдам кўрсатилади», дея таъкидланган.