Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан жума куни бўлиб ўтган учрашувда маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши, янги бозорларга чиқиши, умуман ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда, транспорт-логистика масалалари муҳимлигини таъкидлади, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, бу борада, транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш ва рақамлаштириш, транспорт харажатларини қисман қоплаш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тизим орқали, йил бошидан буён 3 мингдан зиёд экспортёрларга 200 млрд сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилиши натижасида қарийб 800 млн долларлик экспорт амалга оширилди.

Бунинг учун биринчи навбатда юк автомобилларини олиб киришга, 2 йил аввал божхона имтиёзлари берганимиз ҳисобига автотранспортда ташиш хизматлари 2 бараварга арзонлашди, юк ҳажми эса 1,5 бараварга ошди.

«Лекин, бу имтиёз 4 ойдан кейин тугайди. Шу боис, 40 дан зиёд тадбиркорлар ушбу божхона имтиёзларини узайтириш бўйича ўз таклифларини билдир́ган. Буларни инобатга олиб имтиёзларни яна 3 йилга узайтириш бўйича куни кеча янги қарорни имзоладим», — деди президент.

Бундан ташқари, «Полвонтош» (Сурхондарё) ва «Афросиёб парранда» (Самарқанд) корхоналари раҳбарлари ички ва ташқи темир йўл тарифлари ўртасида катта фарқ борлиги яъни халқаро ташувлар нархи, анча юқ́орилигини билдирган.

«Шу боис Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Монополия қўмитаси билан бирга икки ой муддатда темир йўл тарифларини қайта кўриб чиқсин. Бунда, тадбиркорларга ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё импорти учун амалдаги тарифлар камида 25 фоиз арзон бўлиши керак», — дея топшириқ берди давлат раҳбари.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Президентнинг сўзларига кўра, темир йўл соҳасида келгуси 5 йил учун 7000 дан ортиқ юк вагонларига эҳтиёж мавжуд.


«Бу муаммони давлат томонидан эмас, балки худди электр энергияси ёки цемент ишлаб чиқаришга ўхшаб, фақат ва фақат хусусий секторни жалб қилиш орқали, ижобий ҳал қилиш мумкин. Шунинг учун, келгуси йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади», — деди у.

Бунда, давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса, бозор тамойиллари асосида ташкил қилинади.

Шунинг учун хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар, 2025 йил 1 январгача узайтирилади.

«Агар мана шундай рақобат бўлмаса, хусусий сектор кирмаса „Ўзбекистон темир йўллари“ монополиясини топширмайди, сифати ўзгармайди, нархи камаймайди. Биз энди беш йил ўргандик… бу жуда оғир. Германиядан рақамлаштириш бўйича одамларни олиб келганман. Керак бўлса, темир йўлчилар Германиядагиларга бас келади. Бу ерда нотўғри эмас, улар келиб биздан ўзгансин дейди, бир-иккита ноинсофлар», — деди Шавкат Мирзиёев.


Хуснутдин Хасилов.

Унинг сўзларига кўра, бундан буён «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқаруви раиси Хуснутди Хасилов каби одамлар ўз дунё қарашини ўзгартирмаса, президент уларни ўзгартиришига тўғри келади.

«Уларга яна бир йил синов… Бизга хусусий сектор келмайди дейдиганлар нотўғри ўйлайди. Керак бўлса, ўзинг ташкиллаштирасан, ўзинг кредит оласан, ўзинг банкларга ялинасан», — деди у.

Давлат раҳбари Хуснутдун Хасиловга 2−3 та хусусий компанияларни жалб қилиш топшириғини берди ва дунёдаги энг йирик логистика компанияларини мисол қилиб келтирди.

«Уларни Ўзбекистонга олиб келасан. Улар [соҳага] рақобатчи бўлиб киради. Кейин улар сени монополиянгни йўқ қилиш учун арзонроқ, тезроқ ва сифатли қилиб, ўзини машинасида тадбиркорни омборигача олиб бориб беради. Улар қилади, шу дунёда бор-ку. Бизда фақат бу „Ўзбекистон темир йўллари“ жўқ дийишни билади, жўқ дейди. Ҳамма нарса жўқ. Бор бўладиган қилсанг ишлайсан, жўқ бўлса ўзинг ҳам жўқ бўласан. Тамом», — дея таъкидлади у.

Аввалроқ, президент ишбилармонлар билан очиқ мулоқот ўтказгани ҳақида хабар қилган эдик.