Бугун, 22 август куни эрталаб Олий Мажлис Сенати аъзоси, Фарғона вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг Кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ўринбосари Топиболди Холдоров 79 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, у сурункали юрак ва буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Топиболди Холдоров Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий илмий ёрдам марказида даволанаётган эди.

Топиболди Холдоров 1942 йил 1 февралда Фарғона туманида туғилган. У вилоятда матлубот ва савдо соҳаларида турли вазифаларда меҳнат қилган.

2000 йилдан 2009 йилга қадар Нуроний" жамғармаси Фарғона тумани бўлинмаси, 2009−2020 йилларда «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилоят бўлими раиси бўлган. 60 йиллик самарали меҳнат фаолияти даврида жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фаол иштирок этиб келган.

2016 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Топиболди ҳожи Холдоровнинг нуронийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳаётий тажрибаларини фарзандлар тарбиясида, қадриятларнинг сақланиб қолинишида, оила ва маҳаллада тинчлик, хотиржамликни таъминлашда асосий омилга айлантириш борасида олиб борган фидокорона меҳнатлари юксак эътирофга лойиқдир.