19 август куни Қаршида бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, Олий суд раиси Козимжон Комилов ҳамда ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов иштирокида 31 ёшли спорт мураббийи Элбек Раҳимовнинг ўлдириб кетилиши бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, Элбек Раҳимовнинг укаси жиноят содир этган фуқаро З. Б. билан тортишиб қолган. Шу сабабли 17 июль куни Элбек Раҳимов З. Б. билан жанжаллашган.

Фуқаро З. Б. 17 август куни бир нечта шериклари билан бирга пичоқ ва темир бўлаклари билан қуролланиб, Қарши шаҳрида яшовчи Б.нинг хонадонидан чиққан Элбек Раҳимовни фуқароларнинг кўз ўнгида уриб-тепиб, унга пичоқ ва темир бўлаклари билан ҳаёт учун хавфли тан жароҳатлари етказади.

Улар Элбек Раҳимовни И. Р. бошқарувидаги машинага мажбурлаб ўтқазиб, Чироқчи тумани «Тошли» қишлоғи ҳудудига олиб боради ва жабрланувчига қўл-оёқлари ва темир бўлаги билан кўплаб тан жароҳатлари етказиб, ўлар ҳолатда Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига ташлаб кетишади.

Элбек Раҳимовнинг укаси Акмал Раҳимов воқеа ҳақида хабар топгач, акасининг телефонига ўрнатилган GPS қурилмаси орқали унинг қаерда эканини аниқлаган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, ўша куни Элбек Раҳимов 14:00 да вафот этган. Суд тиббиёт экспертиза хулосасига кўра, Элбек Раҳимовнинг ўлимига бош миянинг лат ейиши, бош мия синиши, кўкрак қафаси аъзоларининг шикастланиши ва бошқа аъзоларнинг жиддий шикастланиши сабаб бўлган.

Фото: Видеодан лавҳа

Ҳолат юзасидан З.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л, п» бандлари (қасддан одам ўлдириш безорилик оқибатида; бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш. Т., Ж. А., О. Р., Я. Я., Ш. З. ва Э.А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинди ҳамда ҳимоячи билан таъминланиб, ЖПКнинг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланди.

Ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганда, уч дона темир арматура бўлаги ҳамда пневматик тўппонча ўқи далилий ашё сифатида олинган. Бундан ташқари, воқеа куни жиноятчилар фойдаланган 70 О 880 PA давлат рақамли Gentra русумли автомашинани кўздан кечириш жараёнида ҳам уч дона темир арматура, қонга ўхшаш доғлар билан ифлосланган футболка ва пневматик тўппонча олинган.

Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, жиноят содир этганларнинг икки нафари вояга етмаган ва жиноят иштирокчиларининг деяли барчаси нотинч оилалар фарзандлари бўлган. Уларнинг энг каттаси 29 ёшда, энг кичиги — 16−17 ёшли мактаб ўқувчилари бўлган.

Унинг кўшимча қилишича, бу воқеа жиддий назоратга олинади.

«Бу жанжалнинг бошланиши авввало икки спортчининг илк кураши, спорт мусобақасидан келиб чиққан. Улардан бири ютиб, бири ютқазгани сабаб низо юзага келган. Улар ҳеч кимга мурожаат қилмаган. Ўзларича „разбор“ қилиб олмоқчи бўлган. Албатта, бу жараёнлар масъул ташкилотлар томонидан эътиборга олиниши керак эди. Бу масала ҳам назорат қилинади. Керак бўлса, хизмат текшируви ҳам ўтказилади», — деди ИИВ раҳбари.

Фото: Видеодан лавҳа

Козим Комилов мазкур иш бўйича суд иши барча учун очиқ тарзда ўтказилишини маълум қилди.

«Тергов ишларига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким айбдор бўлади, мен билмайман. Лекин уларнинг иши очиқ судда кўрилади ва унда журналисту блогерлар бемалол қатнашиши мумкин бўлади», — деди у.