Қашқадарёда спортчи Элбек Раҳимов ўлдириб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 7 нафар шахс гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб, улардан 6 нафари процессуал тартибда ушланганди.

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Маълум қилинишича, 17 август куни соат 10:00 ларда Қарши шаҳрида яшовчи Э.Р. ни кўп қаватли уйидан чиқишини кутиб туриб, Э.Р. кўчага чиққанидан кейин етти нафар совуқ қуроллар билан қуролланган шахслар уни бош, юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига урган. Улар Э.Р. га оғир тан жароҳати етказиб, Gentra автомашинасига мажбуран миндиришган.

Етти нафар шахс жиноий қилмишларини яшириш мақсадида Чироқчи тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб бориб ташлаб кетишган. Натижада Э.Р. шу куни шифохонада вафот этган.

Олиб борилган тезкор қидирув суриштирув тадбирлари натижасида шу куннинг ўзида жиноятга алоқадор Қарши шаҳри ва Қарши туманида яшовчи фуқаролар Ш. Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш. З. ва Э.А. ушланган.

Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокурори томонидан З.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «л, п» бандлари (қасддан одам ўлдириш безорилик оқибатида; бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда) билан жиноят иши қўзғатилиб, Ш. Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш. З. ва Э.А. лар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинди ҳамда ҳимоячи билан таъминланиб, ЖПКнинг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланди.

Ҳолат юзасидан қўшимча равишда маълумот берилиши маълум қилинди.