Президентнинг 13 августдаги қарори билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига янги вазифалар юклатилди.

Жумладан, эндиликда марказ доимий равишда жойлардаги давлат ҳокимияти органларини ҳудудларидаги иқтисодий-ижтимоий ривожланишни тезлаштиришга қаратилган дастурларни ишлаб чиқишда илмий асосланган таклиф ва тавсиялар билан таъминлаб туради.

Бундан ташқари, марказ жойлардаги мавжуд ресурс базаларини ўрганган ҳолда иқтисодиёт тармоқларида янги ишлаб чиқариш занжирларини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади.

Марказга ҳокимликлар билан биргаликда ҳар чоракда туманлар кесимида аҳоли ўртасида сўровлар ўтказиш вазифаси ҳам юклатилди.

Марказнинг яна бир вазифаси — Ўзбекистоннинг дунё иқтисодиётига интеграциялашуви жараёнининг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, шунингдек, ушбу йўналишда ваколатли органларга илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тақдим этишдан иборат.

Шу билан бирга, халқаро тажрибаларни ўрганган ҳолда саноатда кластерлар фаолиятини ривожлантириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқади, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига бизнес таҳлиллар тақдим этади.

Марказ тузилмасида саноат кластерларини ривожлантириш, ITни жорий этиш ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, шунингдек, жамоатчилик ва маркетинг ўртасидаги алоқалар бўйича секторлар ташкил этилади.

Марказнинг ҳудудий филиаллари Қорақалпоғизстон Республикаси, Жиззах, Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ташкил этилади.