Ташқи ишлар вазири расмий вакили Юсуф Кабулжановнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчихонаси ва Мозори Шарифдаги консуллиги фаолиятини давом эттирмоқда ҳамда ходимлар ҳали эвакуация қилингани йўқ.

«Нигоҳ» Telegram-каналининг хабар беришча, «Термиз-Ҳайратон» кўприги атрофидаги вазият бутунлай барқарорлашган.

Фото: «Нигоҳ» Telegram-канали

Аввалроқ, Ташқи ишлар вазирлиги 15 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшагани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Балх вилоятининг маъмурий маркази — Мозори-Шариф шаҳрини эгаллаганлигини эълон қилган. ОАВ маълумотларига кўра, афғон ҳукумати қўшинларининг бир қисми Ўзбекистон билан чегара томонга қочган.

Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчисига тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана тақдим этган. ТИВ афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун афғон томони билан музокаралар олиб бормоқда.