15 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудида вазият юмшади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, кўприкнинг Афғонистон қисмида тўпланган Афғонистон фуқароларининг асосий қисми кўприкни ва унга туташ ҳудудни мустақил равишда тарк этган.

«Бунга фаол сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар, шунингдек, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида эришилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг шимоли-ғарбида жойлашган Балх вилоятининг маъмурий маркази — Мозори-Шариф шаҳрини эгаллаганлигини эълон қилган. ОАВ маълумотларига кўра, афғон ҳукумати қўшинларининг бир қисми Ўзбекистон билан чегара томонга қочган.

Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчисига тиббий ёрдам ва вақтинчалик бошпана тақдим этган. ТИВ афғон фуқароларини ватанига қайтариш ҳамда Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни юмшатиш учун афғон томони билан музокаралар олиб бормоқда.