Бугун Ғарбий Қозоғистон ҳудудидан салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига кундуз кунги ҳарорат +32…+34 даражагача пасаяди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар бермоқда.

Фақат жанубнинг энг чеккасида +36…+38 даражагача бўлган нисбатан иссиқ ҳарорат сақланиб туради.

14 ва 15 август кунлари республика ҳудудига салқин кириб келиши давом этади ва кундуз кунги ҳарорат +28…+31 даражагача, жанубда эса +33…+36 даражагача пасаяди. Кечалари ҳам салқин бўлади. Кечаси ва эрта тонгда ҳарорат +13…+18 даражагача пасаяди.

Совуқ фронт ўтиши ҳисобига баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши билан кузатилади.

Ҳудуднинг текислик қисмида ҳали ҳам қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат баъзи жойларда осмонда булутлар пайдо бӯлади.

Аммо тоғли ҳудудларда маҳаллий қисқа муддатли ёмғир ёғиши истиснодан ҳоли эмас. Бунинг ҳисобига республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи бор.

Аввалроқ, Гидрометеорология хизмати 13−16 август кунлари Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сел хавфи борлиги ҳақида огоҳлантирган эди. ФВВ аҳолидан эҳтиёт чораларини кўришни ва нохуш вазиятлар вужудга келганда, вазирликнинг «1050» қисқа рақамига мурожаат этишни сўради.