9 август куни кечқурун Тошкентдаги халқаро аэропортда Токио шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган спортчиларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан бош вазир Абдулла Арипов мусобақалар давомида ўзбекистонлик боксчиларга нисбатан адолатсизлик бўлганлигини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Айтмасам бўлмайди, барибир ичимда қолиб кетади бўлмаса. Мен шу ёшга кириб, ҳеч қачон ҳакамликда бунақанги адолатсизликни кўрмаганман лекин. Минг афсус, Миразиз Мирҳалилов, Турсуной Раҳимовалар шундай ютган жойида номардларча ғалабани бошқа рақибига бериб юбориш — мен билмайман бу қанақа одамлар бўлиши мумкин. Ўша одамлар бутун халқимизнинг ғазабига дуч келди», — деди ҳукумат раҳбари.

Абдулла Арипов шунга қарамасдан ўзбекистонлик спортчилар ғалаба билан қайтишганини қайд этди.

«Боксчиларимиз бунақанги номардларча бўлган ҳакамликка ҳам бардош бериб, ўзининг бор иродасини бир муштга йиғиб, шундай зўр ғалабаларга эришиб қайтиб келишди. Раҳмат сизларга».

«Ҳар хил нокас ҳакамларнинг нияти шу эдики, Риода (2016 йил ёзги Олимпия ўйинларида — таҳр.) ўзини кўрсатган боксчиларимизни шу баҳслардан кейин „иродаси синиб кетади“ деб ўйлаганди. Мақсади ҳам ўзи шу эди. Лекин Улуғбек Рашитов, Акбар Жўраев ва ниҳоят охирги куни Баҳодир Жалоловлар ҳурматли президентимизга 2019 йил Мустақиллик кунида берган ваъдасини бажарди», — деди бош вазир.

Абдулла Арипов мусобақада ғалаба қозонолмаган спортчиларга тушкунликка тушмасликни ва 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинларида ўзларини кўрсатишлари мумкинлигини уқтирди.

«Барбир Миразиз [Мирҳалилов] ҳам, Турсуной [Раҳимова] ҳам, бошқа спортчиларимиз ҳам хафа бўлишлари керак эмас, ҳали олдимизда Париж бор. Парижда ҳали бор кучингларни, имкониятингларни, ғурурингларни, ҳақиқий Ўзбекистоннинг вакили эканлигингларни кўрсатишга олдимизда имкон бор», — деди ҳукумат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) икки бокс жангидаги ҳакамлик ва улар натижалари юзасидан Токиодаги Олимпия ўйинлари махсус комиссиясига мурожаат қилган эди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Миразизбек Мирзахалилов ва Турсуной Раҳимова ўтказган жанглар натижаларидан норозилик билдирган эди.