Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) икки бокс жангидаги ҳакамлик ва улар натижалари юзасидан Токиодаги Олимпия ўйинлари махсус комиссиясига мурожаат қилди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Миразизбек Мирзахалилов ва Турсуной Раҳимова ўтказган жанглар натижаларидан норозилик билдирган эди.

Миразизбек Мирзахалилов ва Турсуной Раҳимова.

Маълум қилинишича, Олимпия ўйинларида бокс баҳсларини ўтказиш Халқаро боксчилар ассоциациясига (АИБА) эмас, Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) томонидан тузилган махсус комиссияга топширилган. Унга эса Халқаро гимнастика федерацияси президенти, япониялик Моринари Ватанабэ раҳбарлик қилмоқда.

Мусобақа давомида айрим делегациялар бокс бўйича мусобақалардаги ҳакамлик юзасидан ўз норозиликларини маълум қилишди. Шу жумладан, Ўзбекистон МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов ҳам Моринари Ватанабэ билан учрашиб, вазиятга ойдинлик киритиб олишди.

Халқаро мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир беллашувда 5 нафар ҳакамдан ташқари алоҳида 2 махсус вакил орқали рефериларнинг қарори назорат қилиб борилади. Баҳс якунида эълон қилинган қарор қайта кўриб чиқилмайди.

Қўшимча қилинишича, жангларда шубҳали ҳолатлар алоҳида ўрганиб борилади ва ўз ишига нопрофессионал ёндашган ҳакамлар Олимпия ўйинларидан четлатилиш ва уйига жўнатиб юборилиши белгилаб қўйилган.

Боксчи Миразизбек Мирзахалилов (-57) Токиодаги Ўйинларнинг бешинчи куни ирландиялик Курт Уокерга қарши рингга кўтарилиб, 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Мусобақаларнинг олтинчи куни эса Турсуной Раҳимова (-51 кг) чорак финалга чиқиш жангида турк спортчиси Бусе Наз Чакироглудан 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.