Бугун Халқ демократик партияси октбярь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига ўз номзодини эълон қилди. Унга кўра, Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Варисова партиянинг номзоди бўлади.

Партия марказий кенгашининг навбатдан ташқари пленумидан кейин бўлиб ўтган брифингда Мақсуда Варисова журналистлар саволига жавоб берди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

У партиянинг сайловолди дастури ҳақида қисқача гапириб ўтди.

«Биз жуда ҳам муҳим воқеа устида турибмиз. Халқ демократик партияси сайловга кириб бормоқда ва биз сайловга ўз дастуримиз билан кириб боряпмиз. Дастуримизда глобал муаммо бўлиб турган пандемия, шунингдек, камбағалликни қисқартириш, аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса, аёллар масаласини ҳал қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш каби вазифалар акс этган», — дейди Мақсуда Варисова.

«Газета.uz» мухбири Мақсуда Варисовадан президентлик сайловларида иштирокидан нимани кўзлаётгани ҳақида сўраганида у кўп минг сонли ХДП ушбу сайловларни ғалаба қозонишни нафақат орзу, балки мақсад қилиб қўйганлигини таъкидлади.

Шунингдек, Мақсуда Варисова Ўзбекистон халқи давлат бошқарувини аёл кишига топширишига ишониши ёки йўқлигига ҳам тўхталиб ўтди.

«Бу шахсга нисбатан бўлган ишонч эмас. Бу партиянинг мақсадлари, ғоялари, дастуримизга бўлган ишонч. Халқ биздан уни қийнаб турган муаммоларини ҳал қилишни кутяпти. Уларни тизимли ҳал қилишимиз кутяпти. Бу сайловолди дастуримизда ишсизликни, уй-жой муаммоасини, коммунал хизматлардаги тарифларнинг назоратсиз ошиб кетишини ёки бўлмаса озиқ-овқат нархларининг ошиб кетишининг олдини олмоқчимиз. Агар биз шу каби мақсадларимизни халқимизга тўғри етказиб бера олсак, албатта, халқимиз бизни қўллаб-қувватлайди ва ғалаба қозонамиз», — дейди у.

Мақсуда Варисованинг қўшимча қилишича, агарда у сайловларда ғолиб бўлса ислоҳотларни биринчи ўринда ишсизлик ва бандлик масалаларини ҳал қилишдан бошлайди. «Шунингдек, аёлларни қийнаётган муаммолар ҳамда таълим ва тиббиёт соҳасидаги аҳолимиз дуч келаётган муаммолардан бошлайман», — дея қўшимча қилади у.

Шунингдек, у Халқ демократик партияси гендер тенгликка доимо эътибор берганини айтиб ўтди.

«Мен фақат аёл бўлганим учун номзод қилиб кўрсатилмадим. Менинг фикримча, халқ орасидан чиққан оддий бир она, оддий бир аёл бўлганим сабабли ҳам, бугунги халқимизни қийнаб турган муаммоларимизни қуйидан билганим учун ҳам мени танлашди, деб ўйлайман», — дейди Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Варисова.

У аёл кишиларнинг давлат бошқарув органларида кам эканлиги тўғрисидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Биринчи ўринда мутахассисларнинг тўғри танланишига эътибор беришимиз керак. Шу кунгача тан олиб айтишимиз керак, бизда аёл ва эркак мутахассис деб танланганда эркакка кўпроқ имкон берилди. Гендер тенглик деганда биз нафақат маълум бир касбларга аёл киши тайинланиши ёки уни мансабга, лавозимга аёл бўлгани учун эмас, унинг тажрибаси, савияси, билимига эътибор берилиши кераклигини биз ўз дастуримизда кўрсатиб ўтамиз», — дея сўзини якунлади Мақсуда Варисова.

Эслатиб ўтамиз, кеча «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров президентлик сайловларида ғалаба қозонишни ният қилаётганини билдирган эди.