Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун стратегик аҳамиятга ва қулай географияга эга бўлган Афғонистон ушбу минтақа мамлакатлари учун ҳалигача хавф туғдирмоқда. Мустақил тадқиқотчи Акрам Умаров «Газета.uz» учун мақоласида Афғонистоннинг боғловчи роли ва минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш йўлидаги муаммолар ҳақида ёзади.

Сўнгги ойларда Афғонистонда можаронинг авж олиши ва ихтилофдаги томонлар ўртасида шиддатли тўқнашувлар сони ошгани кузатилмоқда. Қарийб 20 йил давомида мамлакатда вазиятни назорат қилган халқаро коалиция қуролли кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ихтилофдаги сиёсий кучлар ўртасида мавжуд ўзига хос мувозанатга путур етказади ва Қобулдаги Афғонистон ҳукумати назорат қиладиган ҳудудларнинг тез орада камайишига олиб келиши мумкин.

Келгуси ойлар мамлакатда вазият қандай тус олишида ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Бундай шароитда, Ўзбекистон учун энг тўғри йўл — бу ўзбек-афғон чегараси ҳудудини мустаҳкамлаш ва беқарор вазият Афғонистондан ташқарига тарқалиши олдини олиш мақсадида ўз хавфсизлигини таъминлашга эътиборни кучайтириш бўлади.

Бироқ, расмий Тошкент бундай қарорлар фақат чекланган ва қисқа муддатли таъсирга эга бўлишини тушунади. Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри чегарадош бўлган беқарорлик ўчоғини узоқ муддатга барқарорлаштирмасдан мамлакат ва бутун Марказий Осиё (МО) минтақасининг барқарор иқтисодий ривожланиши, транспорт йўлакларининг диверсификация қилиниши, шунингдек, Жанубий Осиё билан боғланиш ҳақида фикр юритиш жуда мушкул.

Сўнгги 40 йил ичида Афғонистондаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга уринишларнинг муваффақиятсиз якун топганлиги мамлакатда можароли вазиятни тинчлантиришнинг янги усулларини излаш заруриятини кўрсатмоқда. Айнан Афғонистон ҳудудларини қўшни давлатлар ва минтақалар билан яқиндан боғловчи ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, шунингдек тинч музокараларни қўллаб-қувватловчи фасилитаторлик вазифасини бажариш орқали турли хил афғон сиёсий кучлари ўртасида муроса излашга дастлабки туртки бериш мумкин.

2001 йилдан кейин Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун халқаро кучларнинг жалб қилиниши билан ушбу давлат қўшни мамлакат барқарорлигидан манфаатдор бўлган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш учун муҳим майдонга айланди. Шу нуқтаи назардан, илгари Евроосиё минтақаларини ажратиб турувчи буфер ҳудуди бўлиб хизмат қилган Афғонистон босқичма-босқич равишда Марказий ва Жанубий Осиёни бирлаштирадиган янги макро минтақанинг марказига айланишга интилмоқда.

Бироқ, Афғонистондаги ҳукумат кучлари ва бошқа қуролли гуруҳлар ўртасида тўқнашувларнинг авж олиши, шунингдек, мамлакатнинг турли вилоятлари вакили бўлган сиёсий лидерлар ўртасидаги зиддиятлар давлат бирлигига таҳдид солмоқда. Қобулдаги ҳокимиятнинг кечиккан, бир лаҳзали ва кучсиз жавоби фонида «Толибон» ҳаракатининг Афғонистоннинг турли вилоятларида ва туманларида кенг тарқалиши ушбу мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни янада ёмонлаштиради ва можаронинг келажакда қандай ривожланиши бўйича ноаниқлик даражасини кескин равишда оширади.

Афғонистон минтақалар ўртасидаги кўприк сифатида

Афғонистоннинг ўзига хослиги шундаки, мамлакат Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўз ҳудудидан ўтувчи чегараларни яхши қўшничилик, ўзаро тушуниш ва ишонч чегарасига ҳамда кўп қиррали тараққиёт ҳудудига ўзгартириши мумкин. Эҳтимол, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзига хос чегара Афғонистоннинг марказий вилоятлари орқали ўтади, шу билан бирга мамлакатнинг шимолий ва шимоли-ғарбий вилоятлари географик жиҳатдан Марказий Осиёга, жанубий ва шарқий вилоятлари эса Жанубий Осиёга яқинроқ. Афғонистон Ислом Республикасининг (АИР) деярли бутун марказий қисми бўйлаб чўзилган Гиндикуш тоғ тизими Шимолий Афғонистонни мамлакатнинг қолган қисмидан ажратиб туради.


Афғонистоннинг ажралиб қолган вилоятларини бирлаштирадиган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг кучайишига олиб келади. Минтақаларни боғлайдиган энг қисқа йўл сифатида Афғонистонни кесиб ўтадиган автомобиль ва темир йўлларнинг қурилиши нафақат ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсишига, балки сиёсий, маданий ва ижтимоий алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам туртки бериши мумкин.

Бошқа томондан, йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш иш ўринлари яратилиши, давлат бюджети даромадларининг кўпайиши ҳамда автомобиль ва темир йўлларнинг самарали ишлашини таъминлаш учун хизмат занжирларининг шаклланишига олиб келиши мумкин.

Иқтисодий ривожланишнинг экспортга йўналтирилган моделларини ҳисобга олган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларни янги савдо бозорларига сотишга эҳтиёжи катта. Ўтган асрда ҳозирги постсовет ҳудуди Марказий Осиё давлатлари учун асосий бозор бўлиб хизмат қилди. Ижобий натижалар билан бир қаторда экспорт йўналишларининг бундай бир томонлама ривожланиши минтақанинг энг мақбул савдо бозорларини танлаш бўйича имкониятларини қисқартиради.

Бундан ташқари, ушбу ҳудуддаги мамлакатлар аҳолиси 1989 йилдан 2019 йилгача 285,7 дан 297,8 миллион кишига, жами 4,2 фоизга ўсди. Шу билан бирга, бу ўсишга асосий ҳиссани Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари қўшишган бўлса, қолган постсовет давлатларида аҳоли сони доимий равишда камайиб бормоқда, бу 2050 йилга келиб 284 миллионгача камайиши ва Нигерия каби мамлакат аҳолисидан камроқ бўлиши мумкин.

Жанубий Осиёда аҳоли сони 1,95 миллиард кишини ташкил қилиши, иқтисодий ривожланишнинг юқори суръатлари кузатилаётганлиги ва дунёнинг бу қисмида Ҳиндистон ва Покистон каби етакчи минтақавий кучларнинг мавжудлиги минтақани Марказий Осиё учун жозибадор ҳамкорга айлантиради.

«Мозори Шариф — Қобул — Пешовар» темир йўл лойиҳаси тўлиқ амалга оширилиши билан Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш учун 35 кун эмас, 3−5 кун сарфланиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, контейнерни Тошкентдан Карачига етказиш нархи тахминан 1400−1600 долларга тенг бўлади, ҳозир амалдаги «Тошкент — Бандар Аббос» йўналишида бу харажат 2600−3000 долларни ташкил қилмоқда.

Мозори Шарифдан Пешоваргача бўлган темир йўл қурилиши доирасида 264 та кўприк, 7 та туннель ва 641 та сув ўтказгичли тизимли инфратузилма яратилади, бу Афғонистон ва Покистондаги кесиб ўтувчи ҳудудларнининг ривожланишига ёрдам бериши мумкин. Шу билан бирга, анчадан буён Марказий Осиёдан Жанубий Осиёга «CASA-1000» электр узатиш линияларини ҳамда ТАПҲ (Турманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) трансафғон газ қувурларини қуриш лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борилмоқда. ТАПҲ лойиҳаси қўшни минтақалар орасидаги ҳамкорликни яхшилаши ва қитъанинг турли қисмларининг иқтисодий ривожланишини рағбатлантириб, Евроосиёнинг Шимоли ва Жануби ўртасидаги тўлиқ боғлиқликни яратиши мумкин.

Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш йўлидаги муаммолар

Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг Афғонистон ҳудуди орқали яқинроқ интеграцияси жараёнида юзага келадиган истиқболли имкониятлар билан бир қаторда, ушбу йўлда учраши мумкин бўлган бир қатор қийинчиликларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим.

Биринчи. Афғонистондаги мавжуд беқарор вазият ҳар қандай лойиҳаларни амалга оширишни қийинлаштирмоқда, юқори инвестицион хавфи бўлган катта сармояларни ва юқори хавфсизлик даражасини таъминлаган ҳолда кўплаб хорижий ва маҳаллий мутахассисларга эҳтиёжи бўлган йирик инфратузилма объектлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Толибларнинг мамлакатнинг турли вилоятларида ҳужумлар уюштириб, вазиятни ўз томонларига оғдириш учун фаол уринишлари ҳамда Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида билан 2020 йил сентябрь ойида Доҳада ишга туширилган тинчлик музокаралари жараёнида кузатилаётган турғунлик фонида халқаро коалиция қўшинларининг Афғонистондан жадал суръатларда олиб чиқиб кетилиши ихтилофдаги томонлар ўртасида келишув ечимларини тез орада топиш имкони йўқлигини кўрсатмоқда.

Қўшни Афғонистондаги можаронинг кучайишига жавобан Марказий Осиё мамлакатлари ҳаракатларининг етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги хавотирли ҳолатдир. Минтақа чегаралари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик тузилмаларининг тезкор маълумотлар ва контактлар билан алмашиш бўйича келишилган ҳаракатларига бўлган эҳтиёж билан бир қаторда минтақа давлатлари раҳбарларининг Афғонистондаги мавжуд вазият бўйича умумий позиция ва вазиятни барқарорлаштириш мақсадида уни тартибга солиш бўйича таклифлар юзасидан қўшма баёнотини эълон қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, афғон қуролли кучларининг жанговар қобилияти ва уларнинг мамлакат ичидаги ҳудудларни назорат қилиш даражаси суст ва заиф бўлиб қолмоқда. Афғонистон раҳбарияти турли вакилларининг ҳаракатларида мамлакатнинг ҳозирги ва келажакдаги ривожланиши масалалари бўйича келишмовчиликлар ва рақобат кузатилмоқда. Қобулдаги Афғонистон ҳукуматининг ички тарқоқлиги ва бошқарув тизимидаги кўзга кўриниб турган камчиликлар мамлакатда муҳим лойиҳаларни амалга оширишда улар билан музокара олиб бориш учун имкониятларни чекламоқда. Бундай ҳолат ҳукумат билан тузилган деярли ҳар қандай келишув хатарини сезиларли даражада оширади.

Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини боғловчи режадаги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шубҳасиз, ҳозирги тангликдан чиқиб, Афғонистондаги мавжуд можарони ҳал қилишни талаб қилади. Ҳокимият тепасига мамлакатдаги мавжуд танглик ҳолатидан чиқишга қодир ва чет эл инвестицияларининг хавфсизлигини кафолатлай оладиган аҳоли томонидан кенг миқёсда қўллаб-қувватланадиган ҳукуматнинг келиши муҳим. Афғонистоннинг кўплаб қўшнилари ва ҳамкорлари Қобулда кутилмаган ҳаракатлар қилмайдиган, барқарор, консолидациялашган ва музокара олиб бориш қобилиятига эга, Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш бўйича узоқ муддатли диалог олиб бориш мумкин бўлган ҳукумат билан ишлашни истайдилар. Акс ҳолда, ушбу мамлакатда муҳим транспорт ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш жуда мушкул бўлади.

Иккинчи. Афғонистон ҳукумати ва Покистон раҳбарияти ўртасидаги мавжуд келишмовчиликлар Афғонистон ҳудуди орқали Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида бирлаштирувчи кўприк яратиш ишларини қийинлаштириши мумкин. Афғонистон сиёсий истеблишментида расмий Исломободни салбий томондан қабул қилувчи ва унинг афғон можаросини ҳал қилишни қўллаб-қувватлаш ва муҳим ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш бўйича эзгу ниятларига ишонмайдиган кўплаб одамлар гуруҳи мавжуд.

Ашраф Ғани 2014 йилда президентликка сайланганидан сўнг унинг илк дастурий мақсадларидан бири Афғонистондаги урушни тўхтатиш учун Покистон билан яқин алоқаларни ўрнатиш эди. 2014 йил ноябрь ойида Покистонга биринчи ташрифи чоғида у икки давлат ўртасидаги муносабатларда янги даврни бошлаш ва улар ўртасида «ҳақиқий ва ҳалол дўстлик» ўрнатиш зарурлиги ҳақида гапирди. Бироқ, кейинчалик муносабатлар яна ёмонлашди ва эълон қилинган ҳамкорлик режалари амалга оширилмай қолди. Томонлар кўпинча бир-бирини қўшни мамлакат ҳудудида бузғунчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлашда айблашади.

Учинчи. Нью-Деҳли ва Исломобод ўртасидаги муносабатларда сақланиб қолаётган юқори даражадаги ишончсизлик ва душманлик кайфияти. Бу давлатларнинг Афғонистон можаросини ҳал қилиш бўйича муносабатларига ҳам таъсир қилмоқда.

Мамлакатни иқтисодий тиклаш ва унинг ҳудудида йирик инфратузилма объектларини қуриш бўйича илгари сурилган режалар ҳар доим ҳам Ҳиндистон ва Покистонни тенг равишда жалб қилмайди. Шу билан бирга, Ҳиндистон Покистоннинг АИРдаги эҳтимолий устунлигини чеклаш мақсадида Афғонистон ҳукуматининг Ҳиндистон томони билан ҳамкорлик бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Покистон ва Афғонистон сиёсатлари ўртасидаги зиддиятлардан фойдаланган ҳолда, Ҳиндистон ҳукумати Афғонистон ҳудудида ўзининг миллий манфаатларини илгари суриш учун қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида фаол ҳаракат қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Нью-Деҳлининг Қобул билан яқин алоқалари ва мамлакатнинг турли вилоятларида кенг иштироки, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида Ҳиндистоннинг алоҳида аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, Афғонистонда Ҳиндистон томони билан келишилмаган лойиҳаларни амалга ошириш муваффақиятсиз ва самарасиз бўлиши мумкин. Ҳиндистоннинг фаол иштирокисиз ва қизиқишисиз Марказий ва Жанубий Осиё алоқаларини ривожлантириш жиддий қаршиликларга дуч келиши мумкин.

Тўртинчи. Бошқа ташқи субъектларнинг Марказий Осиё мамлакатларининг яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва Афғонистон орқали шимолий транспорт йўлагига муқобил бўладиган жанубий йўлни яратиш бўйича фаол позициясига нисбатан юзага келиш эҳтимоли бўлган салбий мунособати янада пухта ва батафсил таҳлил қилиниши лозим.

АИРда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий объектларни амалга ошириш ва узоқ муддатли истиқболда Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини ягона макроминтақага интеграция қилишда Афғонистоннинг роли Марказий Осиёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий ҳолатни жиддий равишда ўзгартириши мумкин. Бу амалга ошган тақдирда, шимолий йўлакларнинг минтақа давлатлари учун аҳамияти бироз пасайиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё мамлакатлари томонидан мувозанатли ва кўпвекторли ташқи сиёсат курсини олиб боришга ёрдам бериши мумкин. Бундай шароитда зарар кўрган транзит давлатлар турли хил воситалардан фойдаланган ҳолда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг жадал суръатда ривожланишини чегаралашга уринишлари мумкин.

Бешинчи. Афғонистоннинг ички муаммолари унинг ташқи алоқаларига ҳам таъсир қилади. Сўнгги йилларда ҳолат шундай тус олдики, Афғонистон вилоятлари ўз мамлакатларидаги қўшни вилоятлар билан эмас, балки чегарадош давлатлар билан иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаб боришмоқда.

Инфратузилма қуриш, трансчегаравий алмашинув ва савдо-сотиқни ривожлантириш орқали мамлакат ривожланишига ёрдам беришга ҳаракат қилаётган Афғонистон қўшнилари маълум даражада мамлакатнинг ички дезинтеграциясига ҳисса қўшишмоқда. Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликка Афғонистоннинг ғарбий ва жанубий минтақаларга нисбатан шимолий вилоятлари кучлироқ таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, мамлакатнинг жанубий ва шарқий минтақалари деярли барча соҳаларда Покистон ва Жанубий Осиёнинг хавфсизлик комплекси билан яқин алоқалар ўрнатган.

Бундай шароитда Афғонистон вилоятларининг боғлиқлигини ва интеграциясини кучайтириши мумкин бўлган чинакам трансафғон ва миллий лойиҳаларни илгари суриш ва мақсадли амалга ошириш жуда муҳимдир. Бундай режалаштириш Афғонистонга қўшни мамлакатлардан ушбу мамлакат билан транспорт-логистика, ижтимоий-иқтисодий, маданий-ижтимоий алоқаларни амалга ошириш сиёсатини янада самаралироқ мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Афғонистон — Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги заиф кўприк

Бугунги кунда Марказий ва Жанубий Осиё дунё бўйича интеграция даражаси энг паст бўлган минтақалар қаторига киради. Муҳим ички муаммолар билан бир қаторда, Афғонистондаги беқарорлик омили Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ичидаги ва минтақалараро ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. Аммо, кўп йиллик тажриба шуни кўрсатадики, Афғонистон масаласида ҳар икки минтақа давлатлари томонидан ҳаддан ташқари секьюритизацияланган (фақат хавфсизлик масалаларига йўналтирилган) ташқи сиёсат йўналишини олиб бориш Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари манфаатлари учун конструктив натижаларни бера олмайди.

Афғонистон муаммосини десекьюритизация қилиш (фақат хавфсизлик масалалари билан боғлашдан четлашиш), АИРни кесиб ўтадиган ва Марказий Осиё ҳамда Жанубий Осиё минтақаларини боғлайдиган муҳим инфратузилма лойиҳаларини режалаштириш ва амалга ошириш Каспий денгизидан Ҳинд океанигача бўлган кенг минтақани сиёсий, маданий-гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий интеграциясига туртки бўлиши мумкин.

Марказий ва Жанубий Осиёда барқарор ривожланиш истиқболлари қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши билан чамбарчас боғлиқдир. Барқарор, кутилмайдиган ҳаракатларни амалга оширмайдиган ва жадал ривожланаётган Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим кўприк, шунингдек замонавий шароитларда тарихий Ипак Йўлини тиклашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Шу билан бирга, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг Афғонистон можаросини ҳал қилишдаги имкониятларини реал баҳолаш, ушбу мамлакатда тинчлик ўрнатиш ва кенг қамровли минтақалараро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимдир.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни чеклайдиган бир қатор жиддий муаммоларнинг мавжудлиги бу икки минтақани интеграция қилиш ва Афғонистонда муросали тинчликни ўрнатиш мақсадида ностандарт ечимларни ишлаб чиқиш учун машаққатли йўлни босиб ўтиш зарурлигини кўрсатиб турибди.

Акрам Умаров — Ўзбекистонлик мустақил тадқиқотчи.