Сешанба куни президент бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида хизмат кўрсатиш соҳасининг 6 ойлик натижалари ҳам муҳокама қилинди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, йиғилишда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тадбиркорларга зарур имтиёзлар ва барча имкониятлар яратиб берилгани қайд этилган.

Хусусан, биринчи босқичда 7 та тижорат банкига 1 трлн 575 млрд сўм маблағ ажратилгани тилга олинган. Шунинг ҳисобидан ҳудудларда умумий қиймати 3 трлн 600 млрд сўм бўлган 2400 та лойиҳани амалга ошириш бошланди.

«Натижада, 2020 йилнинг биринчи ярмига нисбатан хизматлар кўрсатиш ҳажми 18,3 фоизга ошди… Мен энг камида 35−40 фоиз бўлади деб ўйлагандим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, айниқса, Сирдарё (25 фоиз), Андижон (22 фоиз), Бухоро (21 фоиз), Хоразм (20 фоиз), Сурхондарё (19 фоиз), Фарғона (19 фоиз) ҳамда Тошкент шаҳрида (21 фоиз) хизматлар кўрсатиш суръатлари юқори бўлди.

Давлат раҳбари қайси вилоятларда кўрсаткичлар паст эканлигини маълум қилди. «Ҳудудлар кесимида, хизматлар соҳаси ўсиш суръатлари Навоий, Тошкент, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Қорақалпоғистонда ўртача кўрсаткичлардан паст даражада бўлди», — деди у.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Миллий банк бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов 1 сентябрга қадар хизматлар соҳасида 120 мингта, йил якунига қадар 415 мингта янги иш ўринларини ташкил этиш чораларини кўрсин, дея президент сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Бунинг учун, 7 та устувор йўналиш (янги лойиҳалар, кўп қаватли уйларнинг биринчи қавати ва ертўлалар, ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш каби ишлар) белгиланган. Бош вазир Абдулла Арипов бу ишлар ижросини ўз назоратига олиши кераклиги айтилди.

Жамшид Қўчқоров ва Жаҳонгир Ортиқхўжаевга бир ой муддатда пойтахтда жойлашган 2250 та давлат ташкилотлари мол-мулкини тўлиқ хатловдан ўтказиб, бўш бинолар ва ер майдонларини тадбиркорларга бериш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди.