22 июль куни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёнлари якунланди. Давлат тест марказининг маълумотларига кўра, 2021−2022-ўқув йили имтиҳонларида қатнашиш учун рўйхатдан ўтган абитуриентлар сони 948 минг 211 нафарни ташкил этади. Бу 2020 йилга нисбатан 535 минг ёки 36,1 фоизга кам. Маълумот учун, 2019 йилда 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ОТМларга ҳужжат топширган.

Абитуриентларнинг таълим шакллари бўйича сони қуйидагича:

  • Кундузги таълим шакли — 479 627 нафар (квота: 113 530);
  • Сиртқи таълим шакли — 435 995 нафар (квота: 37 675);
  • Кечки таълим шакли — 32 589 нафар (квота: 6 550).

Тиллар кесимида:

  • Ўзбек тили — 804 660 нафар;
  • Рус тили — 109 232 нафар;
  • Қорақалпоқ тили — 31 462 нафар;
  • Бошқа тиллар — 2 857 нафар.

Бу статистика якуний бўлиб, унга тест синови учун тўловни амалга оширмаган, таълим йўналишларини танламаган, текширишлар натижасига кўра ҳали мактабни тамомламаганлиги аниқланган абитуриентлар киритилмаган.

Маълумот учун, бу йил ОТМларнинг кундузги, сиртқи ва кечки таълимлари учун жами 157 минг 175 та квота ажратилган.

Булардан:

  • кундузги таълим учун: жами 113 минг 530 квота (ўтган йилгидан 9955 тага кўп);
  • сиртқи таълим учун: жами 37 минг 675 квота (ўтган йилгидан 6325 тага кўп);
  • кечки таълим учун: жами 6 минг 550 квота (ўтган йилгидан 1525 тага кўп).

Давлат тест маркази рўйхатга олинган абитуриентлар сонига оид ОТМлар кесимидаги маълумотларни ҳам тақдим этди.

Эслатиб ўтамиз, ОТМларга кириш тест синовлари 5 августдан бошланади. Тест синовлари қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Шунингдек, тест саволлари сони қисқартирилиб, мажбурий фанлардан 10 тадан савол бўлади.