15 июль куни Ўзбекистон ОТМлари бакалавриатида ўқиш учун ҳужжатлар қабул қилиш жараёни якунланди. Давлат тест маркази маълумотларига кўра, 60 та ОТМ ва уларнинг филиалларига 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширди (хорижий ОТМлар филиаллари абитуриентлари ҳисобга олинмаганда).

Шундан rундузги таълим шаклига — 718 097 нафар, кечки таълим шаклига — 13 821 нафар, сиртқи таълим шаклига — 335 007 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди. Энг ёш абитуриент 14 ёшни (14 ёш 212 кун), энг ёши катта абитуриент эса 87 ёшни (87 ёш 182 кун) ташкил этди.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 90 та олий таълим муассасасининг қабул комиссиялари ва 201 та Давлат хизматлари марказида 4500 дан ортиқ операторлар томонидан амалга оширилди.

Энг кўп Самарқанд давлат университетига — 74377 (42197 — кундузги бўлимга), Андижон давлат университетига — 45977 (29288), Қарши давлат университетига — 44676 (24899), Фарғона давлат университетига — 42118 (26259) ва Урганч давлат университетига — 39405 (25959) нафар абитуриент ҳужжат топширди.

Бир ўринга энг кўп Ўзбекистон миллий университитенинг Жиззах филиалида — бир ўринга 29,47 киши, Андижон тиббиёт институтида — 21,49 киши, Самарқанд давлат университетида — 17,97, Термиз университети Денов филиалида — 17,33 ва Тошкент тиббиёт академиясининг Темир филиалида — 17,11 киши ҳужжат топширган. Ўртача танлов — бир ўринга 10,28 киши.

2019−2020 ўқув йилида талабалар қабул квотаси бакалавриатнинг кундузги бўлимларига 80430 киши, таълимнинг сиртқи шаклига — 19985, кечкига — 1985 кишини ташкил этади. Магистратурага 7695 нафар талаба қабул қилинади.