Пандемия шароитидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, 2021−2022-ўқув йили қабулида ОТМларга кириш тест синовлари 2021 йил 5-августдан бошланади. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

Тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Тест синовлари қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади ва 1-смена 07:00 да, 2-смена 19:00 да бошланади.

Бундан ташқари, тест топшириқлари сони мақбуллаштирилиб, кириш тест синовларига жами 3 соат вақт ажратилиши белгиланди. Мажбурий фанлар (она тили, математика, Ўзбекистон тарихи) бўйича саволлар ўнтадан бўлади. Ҳар бир саволга 2,1 баллдан берилади. Бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган 2 та фан бўйича 20 тадан савол бўлади ва 3,15 баллдан берилади.

Умумий ҳолда, 2021−2022-ўқув йили қабулида абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 70 та тест топшириғи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл — 189 баллни ташкил этади.