Toshkent телеканали эфирида яна бир Malibu автомашинасининг ЙПХ ходими томонидан тўхталиши акс этган лавҳа узатилди. Унда инспектор Бахтиёр А. ҳайдовчининг рулда телефонда гаплашиб келаётганини кўриб, уни тўхтатади.

ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома тузмоқчи бўлганида ҳайдовчи 25 марта радар бўйича жарима тўлаганини, 5 нафар боласи борлигини айтиб, уни қўйиб юборишни сўрайди. Кейин ҳайдовчи ўз телефонидан танишига қўнғироқ қилиб, телефонни ЙПХ ходимига узатади.

Ходим телефондаги шахсга салом бериб, ўзини таништирди. «Лаббай, хўжайин, тузукмисиз… Хўп, хўп», — дея қўнғироқни якунлади.

Шундан сўнг у ҳайдовчига фарзандининг мазаси йўқ бўлса, буни «чиройли қилиб тушунтириш кераклиги»ни айтади ва уни «огоҳлантириб» қўйиб юборади.

Daryo`нинг ёзишича, телефон орқали ҳайдовчини қўйиб юборишни буюрган шахснинг исми «Абдураззоқ ака» бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент вилоятида ЙПХ ходими Malibu ҳайдовчисига протокол тузмоқчи бўлганида, унга рация орқали ҳайдовчини қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилгандан кейин қўйиб юборган эди.

Кейинроқ ЙПХ ходимига рация орқали чиқиб, ҳайдовчини қўйиб юбориш буюрган командирга интизомий жазо қўлланилгани, «O'ZTEMIRYO'LMASHTAʼMIR» корхонасига тегишли машина ҳайдовчиси эса хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган.