Тошкент вилоятида ЙПХ ходими 01 584 AAA рақамли Malibu ҳайдовчисига протокол тузмоқчи бўлганида, унга рация орқали ҳайдовчини қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилгани ҳақида ёзган эдик. Бу борада Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати изоҳ берди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат 28 июль куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳудудида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида юз берган.

Мирзо Улуғбек кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими Аброр Исмоилов «O'ZTEMIRYO'LMASHTAʼMIR» унитар корхонасига тегишли бўлган Malibu русумли автомобиль ҳайдовчисини ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатган.

Текширув давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлган.

Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмига (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан EV-21 серияли 10−972827 рақамли электрон шаклдаги баённома расмийлаштирилган.

Фото: ИИББ aхборот хизмати

Маъмурий баённомани расмийлаштириш жараёнида ЙПХ ходимининг командири алоқага чиқиб, кўп ушлаб турмаслигини, ҳайдовчига нисбатан «хушмуомала»да бўлишини ва транспорт воситасини қўйиб юборишини айтган. Шундан сўнг, ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган.

«Ушбу ҳолатда (рация орқали боғланган) 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузганлиги учун интизомий жазоланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, Тошкент вилояти ИИББ ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тўлиқ таҳлил қилинмаган, ойдинлик киритилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўради.