Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Нишон туманида ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилган фуқаро вафот этгани ҳақида видеохабар чиқарилган. Марҳумнинг укаси акасини олиб кетишга келган профилактика инспектори ўша куни маст ҳолда бўлганлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, у акасининг танасидаги кўкарган жойлар зарба натижасида бўлганини ва ИИБ ходимлари уни олиб кетиб урганини даъво қилмоқда.

Қашқадарё вилояти ИИБ ушбу ҳолат бўйича баёнот бериб, воқеа тафсилотлари билан бўлишди.

Маълумотга кўра, Нишон тумани «Каптарли» МФЙда яшовчи Ж.С. 25 июль куни соат тахминан 19.30 ларда туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика катта инспектори капитан И.Холматовнинг хизмат уйига келиб, турмуш ўртоғи Нурсоат Мухаммадиев Тошкент шаҳрида «Абу саҳий» бозорида ишлашини, у ердан 25 июль куни соат тахминан 18.00 ларда уйига маст ҳолатда етиб келганлигини, бироздан сўнг, ўзига келиб, қўлига пичоқ билан жанжал қилишни бошлаганлигини, агарда унга чора кўрмаса, бошқа салбий оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини маълум қилади.

Капитан И.Холматов, фуқаро Ж.С.нинг яшаш хонадонига борган вақтида Мухаммадиев спиртли ичимликдан маст ҳолда турмуш ўртоғини ҳақорат қилиб, қонуний талабига бўйсунмаганлиги сабабли, Нишон тумани Каптарли МФЙга қўшни бўлган «Ширинобод» МФЙ профилактика инспектори катта лейтенант Х.Пўлатовни чақирган. Катта лейтенант Х.Пўлатов билан биргаликда «Ширинобод» МФЙда яшовчи жамоатчилик вакили фуқаро Г. А. ҳам келган.

Келгусида оилада жиноятлар содир бўлишини олдини олиш мақсадида капитан И.Холматов Ж.С.га турмуш ўртоғини Наркология диспансерига мажбурий тартибда ётқизиш бўйича ариза ёзиб бериши лозимлигини тушунтирган. Бироқ, у туман ИИБ бошлиғи номига ариза ёзиб беришдан бош тортган. Бўлиб ўтган ҳолатни тегишли тартибда ҳужжатлаштириш мақсадида Мухаммадиев МФЙ биносига олиб борилиб, МФЙ раисининг 25 июль кунидаги 2-сонли билдириш хатига асосан, шу куннинг ўзида соат 23:20да вилоят Наркология диспансерида кўрикдан ўтказилган.

Вилоят ИИБнинг таъкидлашича, кўрикдан ўтказиш давомида, М.М.га «мастликни ўрта оғир даражаси» ташхиси қўйилиб, танасида жароҳатлар бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш бўйича тиббий кўрикдан ўтказилиб, ушбу тиббий кўрик натижаларига кўра, касаллик тарихи очилган. Мажбурий тартибда даволаниш тўғрисидаги йўлланма асосида Н.Мухаммадиев Қарши тумани «Мирмирон» МФЙ ҳудудида жойлашган вилоят Наркология диспансерига топширилган.

Қарши туман ИИБга 26 июль куни тушган хабарга кўра, шу куни соат 20:45ларда, фуқаро М.М. вилоят Наркология диспансерида вафот этган. Суд-тиббиёт экспертизасининг 26 июлдаги маълумотномасида марҳум Н.Мухаммадиев"сурункали алкоголизм" натижасида вафот этганлиги кўрсатилган.

Вилоят ИИБ томонидан марҳум Н.М.нинг оиласи «Каптарли» МФЙда нотинч оила сифатида рўйхатга қўйилганлиги аниқланган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан профилактика инспекторлари Х.И. ва П.Х.га нисбатан Қашқадарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Бош прокуратура матбуот котибининг маълум қилишича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Қарши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Бундан ташқари, Н.Мухаммадиевни вилоят диспансерида вафот этганлиги ҳодисаси бўйича вилоят Соғлиқни сақлаш ва Ички ишлар бошқармаларига хизмат текшируви тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сурхондарё вилояти, Денов туманида яшаган фуқарони ички ишлар ходимлари мажбурлаб идорага олиб кетиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ИИБга олиб кетилган фуқаро ҳам вафот этгани маълум бўлган эди.