Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ижтимоий тармоқларда «Тахиатош туманида ички ишлар органи ходими фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлди» сарлавҳаси билан тарқалган хабарлар бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 23 май куни соат 11:00лар чамасида Тахиатош тумани ИИБ навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамига ўзини «Рамазан» кўчасида яшовчи «Гулайым» дебтаништирган фуқаро қўнғироқ қилиб, «Рамазан» кўчаси 7-уйнинг олдида бир маст фуқаро ётганлигини айтиб хабар берган. Мазкур хабар юзасидан воқеа жойига ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори капитан С.Баймуратов борган.

Капитан С.Баймуратов «Рамазан» кўчасига борганида, ўзини Б.Тажимуратов деб таништирган маст фуқарони тиббиёт бирлашмасига олиб бориб, шифокор кўригидан ўтказиб, Б.Тажимуратовнинг мастлиги ва жароҳати ҳақида «алкогольное опьянение, ушиб легких, рана левой бровной области» деб маълумотнома олинган.

Капитан С.Баймуратов фуқаро Б.Тажимуратовни бўлимнинг навбатчилик бўлимига олиб келиб топшириб, бу воқеа юзасидан бўлим бошлиғи номига билдирги билан ахборот берган.

Фуқаро Б.Тажимуратов бўлимнинг ҳушёрлик хонасида соғлиги ёмонлашганлиги сабабли, шу кунги навбатчилик қисми навбатчиси томонидан тез ёрдам чақирилиб, Б.Тажимуратов касалхонага юборилган. Кейинчалик фуқаронинг шахси суриштирилганда, Тахиатош туманида яшовчи Б.Даулетмуратов эканлиги аниқланган.

2021 йилнинг 28 май куни фуқаро Б.Даулетмуратовнинг опаси Тахиатош тумани Танташов кўчасида яшовчи фуқаро С.Даулетмуратова Тахиатош туман прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, укасини профилактика инспектори капитан С.Баймуратов уриб, тан жароҳат етказганини кўрсатган.

Мазкур мурожаат бўйича туман прокуратураси томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилиб, 28 июнь куни капитан С.Баймуратовнинг хатти-ҳаракатларида ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаганлиги тўғрисида хулоса қабул қилинган.

Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон прокуратураси ҳам муносабат билдириб, ҳозирги кунда Б.Даулетмуратов ўлими ҳолати юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Ҳолат бўйича Тахиаташ тумани ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ва марҳум Б.Даулетмуратовнинг ўлими сабаблирини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур терговга қадар текширув ҳаракати шахсан Қорақалпоғистон Республикаси прокурори назоратига олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Денов туманида икки нафар ИИО ФМБ профилактика инспектори ёрдамчилари фуқарони бир неча бор уриб, тан жароҳати етказгани, оқибатда фуқаро шифохонада вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.