Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Оқтом маҳалласида яшаган Ҳасан Хушматовни ички ишлар ходимлари мажбурлаб идорага олиб кетиб, ваҳшийларча қийнаб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 10 июль куни Денов тумани Оқтом махалласида яшовчи фуқаро Юнус Хушматов туман ички ишлар бўлимига акаси Ҳасан Хушматов маст ҳолда яшаш уйида жанжал қилиб, тинчлигини бузаётгани ҳақида хабар берган.

Шунга асосан, туман ИИО ФМБ профилактика инспектори ва унинг икки нафар ёрдамчиси Ҳасан Хушматовнинг хонадонига келишган ва уни автомашинага ўтказиб, туман ИИБга олиб кетишган. Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳасан Хушматовни бир неча бор уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда фуқаро Ҳасан Ҳушматов 11 июль куни шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 104- (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 206-моддалари (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мамлакатимизда қонун бузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини яна бир бор эслатиб ўтди.