Инглиз тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда English Speaking Nation дастурини амалга оширмоқда. Дастур доирасида ҳозирга қадар 30 дан ортиқ хорижий мутахассислар хорижий тил ўқитувчиларининг малакасини ошириш тренингларида қатнашиб келишмоқда.

31 июль куни мазкур дастур доирасида ташкил этилган English Summer Excellence Training (ESN:ESET) ёзги малака ошириш тренинглари лойиҳасини бошлаб бериш ва лойиҳа доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган 25 нафар халқаро мутахассисларни қутлаш учун Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Улугбек Касимходжаев АҚШ элчихонаси вакиллари, Америка кенгашлари ва халқаро мутахассислар билан учрашди.

English Speaking Nation ёзги тренинглар дастури доирасида Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Термиз, Қарши ва Урганч шаҳарларида 420 дан ортиқ инглиз тили ўқитувчилари учун 108 соатлик интенсив машғулотлар олиб борилади. 18 кунлик тренинглардан кўзланган мақсад ўқитувчиларнинг инглиз тили кўникмалари ҳамда уларнинг педагогик ва психологик билимларини такомиллаштиришда ёрдам беришдан иборат.

Фото: Халқ таълими вазирлиги.

Умумий инглиз тили ва синфдаги амалиётдан ташқари, ESN:ESET дастури иштирокчиларга айнан инглиз тилида дарслар ўтиш ва мураккаблаштирилган интенсив ўқув сессияларида фақат инглиз тилида тақдимотлар ўтказишга ёрдам беради.

English Speaking Nation дастурини амалга оширишда Халқ таълими вазирлиги Халқаро таълим бўйича Америка Кенгашлари ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Америка кенгашлари халқаро таълим, академик алмашинувлар ва чет элда тил ўрганиш соҳасидаги етакчи халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади ва илмий, профессионал ва маданий алмашинувлар, тил ўрганишлар, таълимни ривожлантириш ва тадқиқотлар орқали халқаро алоқалар ва ўзаро ҳамфикрликни кучайтиришга хизмат қилади.