2021 йилнинг 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган. Бу ҳақда 30 июль куни Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурханов Ички ишлар вазирининг ахбороти юзасидан маърузасида маълум қилди.

Унинг таъкидашича, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан «таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги» сабабли, 2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 3,5 млнга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган.


2 млнга яқин қўпол қоидабузарлик, 2020 йилга нисбатан 37,3 фоизга ортган. 20 мингдан ортиқ транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш 2020 йилга нисбатан қарийб 100 фоизга ортган, 250 мингга яқин пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган.

Мазкур қоидабузарликлар натижасида 3754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3177 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган.


Кутбиддин Бурхановнинг таъкидлашича, 2020 йилнинг олти ойига нисбатан солиштирганда жами йўл-транспорт ходисалар сони 57,2 фоизга, улардан ҳалок бўлганлар 30,5 фоизга, жароҳатланганлар эса 38,1 фоизга ортган. Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари эса 2020 йилнинг олти ойига нисбатан 40,8 фоизга, жароҳатланганлар 44,9 фоизга, ҳалок бўлганлар эса 33,3 фоизга ортиб кетган.

Ана шундай шароитда 2021 йилнинг 6 ойида содир этилган қоидабузарликларнинг бор-йўғи 1,1 миллиони компьютерлаштирилган бошқарув тизими орқали аниқланган.

Қайд этилишича, республика бўйича йўл-транспорт ҳодисаларининг 50 фоизидан ортиғи Фарғона (601),Тошкент (529), Самарқанд (374) вилоятлари ва Тошкент шаҳар (428) ҳисобига тўғри келмоқда.

Аввалроқ, 2021 йилнинг 4 ойи давомида болалар иштирокидаги ЙТҲ сони 25,3, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошгани ҳақида хабар берган эдик.