Ўзбекистонда 2021 йилнинг 4 ойи давомида болалар иштирокидаги ЙТҲ сони 25,3, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров маълум қилди, дея хабар берди «Халқ сўзи Online»

Қайд этилишича, мактабларга етакловчи йўлларда пиёдалар светофорларини чақирув мосламасига ўтқазиш зарур 185 замонавий пиёдалар ўтиш жойлари етишмайди.

Пиёдалар йўлакчалари ташкил этилмаганлиги ва ёритилмаганлиги натижасида эрта тонгда ёки тунги вақтларда вояга етмаган пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш имконияти чекланмоқда. 2731 жойда тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойини сунъий ёритиш зарур.

Шунингдек, мактабларда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Ҳали-ҳануз бу йўналишда алоҳида дарслар ташкил этилмаган. Дарслар фақат бошқа фанлар ҳисобидан, етарли малакага эга бўлмаган ўқитувчилар томонидан олиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январь-апрель ойларида Ўзбекистонда жами 2242 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилгани, уларда 557 кишининг ҳалок бўлгани ва 1684 кишининг жароҳатлангани хабар қилинган эди. Ушбу ЙТҲларнинг 243 таси болалар иштирокида содир бўлган. Ўтган йилнинг шу даврида эса бу кўрсаткич 95 тани ташкил этган.