Токиодаги Олимпия ўйинларининг олтинчи кунида олти нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этди.

Дзюдо. -100 кг вазн тоифасида курашган Ўзбекистон вакили Муҳаммадкарим Хуррамов биринчи баҳсини ирландиялик Бенжамин Флетчерга қарши ўтказди. Беллашувда ўзининг яққол устунлигини намойиш этган Хуррамов вазари баҳоси билан баҳс тақдирини ўз фойдасига ҳал қилди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси.

Кейинги босқичда эса у япониялик Арон Волфга қарши татамига чиқиб, мағлубиятга учради ва ушбу йўналишда медаллар учун курашни тўхтатди. Энди у аралаш жамоавий йўналишда иштирок этиши мумкин.

Академик эшкак эшиш. Жуфтлик енгил вазн тоифасида сўнгги босқичгача етиб борган Шахбоз Холмирзаев ва Собир Сафаралиев финалда яхши натижа кўрсата олишмади ва мағлуб бўлишди.

Бокс. Жаҳон чемпиони, Ўзбекистон делегацияси байроқдори, +91 вазн тоифасида беллашаётган Баҳодир Жалолов Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини ғалаба билан бошлади. Озарбайжонлик Муҳаммад Абдуллаевга қарши кечган беллашувда Жалолов рақибини катта устунлик билан мағлуб этди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси.

Чорак финалда Жалоловга ҳиндистонлик Сатиш Кумар рақиб бўлади. Улар ўртасидаги жанг 1 август куни Тошкент вақти билан соат 9:06 да бўлиб ўтади.

Шунингдек, шу куни боксчи Турсуной Раҳимова (-51 кг) ҳам Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги юришини давом эттирди. 1/8 финалдаги баҳсда у туркиялик Бусе Наз Чақирўғлу билан муросасиз жанг ўтказиб, имкониятни бой бериб қўйди ва мусобақадаги иштирокини якунлади.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси.

Бугун Фанат Қаҳрамонов ҳам ўзининг иккинчи баҳсида рингга кўтарилди. Бу босқичда унга қозоғистонлик спортчи Абилхан Аманкулов рақиб бўлди. Унга қарши кечган жанг рақибнинг ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа Қаҳрамонов ҳам Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунламоқда.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси.

Хабар эълон қилинган вақтда Ўзбекистон битта олтин ва битта бронза медали билан турнир жадвалининг 28-поғонасини эгаллаб турибди.