Токиодаги Олимпия ўйинларининг бешинчи кунида тўрт нафар спортчи Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этди. Бугун ўзбекистонлик спортчилар битта бронза медалини қўлга киритишди. Хабар ёзилган вақтда Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 1 та бронза билан умумий жадвалда 25 ўринда кетмоқда.

Дзюдо. Ўзбекистон терма жамоасига навбатдаги медални 2020 йил Ўзбекистоннинг энг яхши спортчиси номига сазовор бўлган дзюдочи Давлат Бобонов олиб келди. У -90 вазн тоифасидаги илк даврани италиялик Николас Мунгайга қарши ўтказиб, вазари баҳоси билан ғалабага эришди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Иккинчи даврада Бобонов украиналик Кежау Нхабалига қарши татамига кўтарилди. Беллашув давомида украиналик дзюдочи таъқиқланган ҳаракат билан ҳужумга ўтгани учун унга техник мағлубият ёзилди ва Бобонов муддатидан аввал ғалаба қозонди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Чорак финал босқичида грузиялик Лаша Бекаурига қарши татамига чиққан ўзбекистонлик спортчи рақиби ҳужумга ўтган вақтда нотўғри ҳаракат билан ҳимояланди ва грузин дзюдочисига ғалаба берилди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Бобонов бронза медали учун курашни давом эттириш қўшимча баҳсни испаниялик Николоз Шеразадишвилига қарши ўтказди. Баҳснинг 11-дақиқаси бошланган вақтда Бобоновнинг вазари баҳоси уни бронза медали учун беллашиш босқичига олиб чиқди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Ва ниҳоят, бронза учун баҳсда Давлат Бобонов туркиялик Михаэл Зганкка қарши татамига чиқди. Бобоновнинг ижросидаги усул иппон билан баҳоланди ва ушбу ғалаба билан Бобонов Олимпий ўйинларида Ўзбекистон учун иккинчи медални олиб келди.


Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Бундан ташқари, бугун яна бир ўзбекистонлик дюздочи Гулноза Матниязова ҳам беллашувларда қатнашди. -70 кг вазн тоифасида курашган спортчи дастлабки баҳсни Чад вакиласи Демос Мемнелумга қарши ўтказди ва уни мағлуб этди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Кейинги босқичда Матниязова ушбу вазннинг биринчи сараланган вакили нидерландиялик Санне ван Дийке билан баҳс олиб борди, ва унга мағлаб бўлди. Шу билан у яккалик баҳсларидаги иштирокини якунлади. Энди Матниязова аралаш жамоавий йўналишда иштирок этади.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Бокс. Бугун икки нафар ўзбекистонлик боксчи ҳам Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишди.

Амалдаги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов -57 кг вазн тоифасида дастлабки жангида ирландиялик Курт Уолкерга қарши рингга кўтарилди. Ҳакамларнинг 4 нафари Уолкернинг ғалабасини эътироф этди ва Мирзаҳалилов Олимпия ўйинларини эрта тарк этди.

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси.

Яна бир ўзбекистонлик боксчи Дилшод Рўзметов Токио-2020 Олимпия ўйинларидаги иккинчи жангини ўтказди. Чорак финал йўлланмаси учун кечган баҳсда унга Озарбайжон вакили Алфонсо Домингес рақиб бўлди. Жанг Домингеснинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Рўзметов Олимпия ўйинларидаги иштирокини муддатидан аввал якунлашга мажбур бўлди.