Президент Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг «Ёшлик-1» конини бориб кўрди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Маълумотга кўра, комбинат ташкил этилганидан буён ўтган 70 йиллик давр мобайнида бу ерда 1,5 миллиард тонна руда қазиб олиниб, 6 миллион тоннадан ортиқ мис, 3,5 минг тонна кумуш ва 850 тонна олтин ишлаб чиқарилган.

Президент таъкидлашича, ҳозирда комбинатда қарийб 40 минг нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда ва у «саноатининг чинакам локомотивларидан бирига айланган». Республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 7 фоизи, экспорт ҳажмининг 15 фоизи комбинат ҳиссасига тўғри келади, дейилади хабарда.

Фото: Абдулло Ёдгоров/"Газета.uz"

Маълум қилинишича, 3 йил ичида мис ишлаб чиқариш ҳажми 1.5 бараварга кўпайган.

«Булар ҳаммаси кўп миллатли минглаб ишчиларнинг олийжаноб меҳнати туфайлидир, пандемия пайтида ушбу комбинатда иш бир кун ҳам тўхтагани йўқ, улар ўз қаҳрамонлигини кўрсатяпти», — деди давлат раҳбари.

Давлат бюджетига тушадиган жами даромадларнинг 8 фоизини айнан ушбу корхона таъминлайди. Кейинги йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга кўпайган ва 150 минг тоннага етказилган

«У Тошкент вилоятининг Қурама тоғлари бағридаги бой хомашё захирасига эга бўлган конлар ҳисобидан комбинатнинг узоқ йиллар самарали ва барқарор фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятлар яратади. Ўтган уч йил мобайнида комбинат конларида умумий узунлиги 206 минг метр бўлган 475 та қудуқ бурғуланди. Халқаро миқёсда тан олинган хориждаги лабораторияларда ушбу конлар рудасининг 100 мингдан ортиқ намуналари кимёвий таҳлиллар асосида чуқур ўрганилди», — дейди президент.

Фото: Абдулло Ёдгоров/"Газета.uz"

Қайд этилишича, халқаро баҳолаш мезонларига кўра, бу ердаги миснинг ялпи захираси — 45 млн тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланди.

«Бу рақамлар эса, дунёдаги энг йирик, ноёб олтин ва мис конлари айнан мана шу ҳудудда жойлашган деб айтиш учун, тўла асос бўла олади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, бу ерда қазиб олинаётган руда таркибида кумуш, молибден, селен, теллур, рений ва бошқа нодир металлар борлиги ҳам аниқланган.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж камида 40 фоизга ортиши прогноз қилинмоқда.

Президентнинг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ бошланган ушбу лойиҳанинг қиймати 4 млрд 894 млн долларни ташкил этади. Ўтган 4 йил мобайнида зарур геологик тадқиқотлар ва 83 млн куб метрдан ортиқ ҳажмдаги қазиш ишлари бажарилган.

«Мана энди, дастлабки босқичда қиймати 2 млрд доллар бўлган янги учинчи мис бойитиш фабрикасини қуришни бошлаяпмиз», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.