Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида вакцинация жараёнлари ҳақида маълумот берди.

«Биз шу кунга қадар 1 млн 34 минг кишини коронавирусга қарши тўлиқ эмлаб бўлдик. Шу пайтгача вакцина олган аҳолининг сони 6 млн дан ошди (ССВ маълумотларига кўра, 22 июль ҳолатига кўра вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланганлар сони бундан анча камроқ, яъни 3 млн 779 минг 709 кишини ташкил этади — таҳр.). Албатта, 6 млн дан ортиқ эмланганлар орасида бир марта, икки марта, уч марта эмланганлар мавжуд», — дейди у.

Таъкидланишича, мутахассислар, Республика махсус комиссияси ҳамда ССВнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, 21 млн аҳолини эмлаш режалаштирилмоқда. «Ҳозирги кунда келиб 21 млн аҳолининг 4,9 фоизини эмлаш билан қамраб олдик», — дея қўшимча қилади Нурмат Отабеков.

Айтилишича, Ўзбекистонда бугунги кунда 4,1 мингта эмлаш пунктлари фаолият кўрсатяпти. Мазкур пунктларда бир кунда битта пунктда 19 киши эмланмоқда. «Аслида эса, имкониятимиз кунига 70 одамни эмлашга етади», — дея таъкидлади Отабеков.

Маълумот учун, 22 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 5 млн 945 минг 130 доза вакцинадан фойдаланилган. Улардан:

  • 1-босқич эмланганлар 3 779 709 нафарни,
  • 2-босқичда эмланганлар 1 572 483 нафарни,
  • 3-босқич эмланганлар 592 938 нафарни ташкил қилди.

Шунга кўра, мамлакатда жами эмланганлар сони 3 779 709 кишини ташкил этмоқда.

14 июль куни Нурмат Отабеков Ўзбекистон бўйлаб эмлаш тадбирлари учун яратилган имкониятларнинг тенг ярмидан фойдаланилаётгани ҳақида айтган эди. У ҳар бир бир эмлаш пунктида кунига 36 нафар фуқаро вакцина олаётганлиги, режада эса 70 киши эмланиши керак бўлганлигини таъкидлаганди.

Шунингдек, аввалроқ Нурмат Отабеков аҳолини COVID-19га қарши мажбурий эмлаш ғоясини тўғри деб ҳисоблашини маълум қилган эди.