AҚШ Давлат департаменти мамлакат ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилган афғонларга 2,5 мингта махсус иммиграцион виза ажратди

Шунингдек, Aфғонистондан AҚШга иммиграция дастури бўйича 20 мингдан ортиқ одам эвакуация қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат департаментининг юқори мартабали вакили Брайан Маккеон маълум қилди. Эвакуация қилинганлар вақтинча Виржиния штатидаги Форт-Ли шаҳрига жойлаштирилади.

Ғарб ОАВ хабарларига кўра, Aмерика ҳарбийларига, шу жумладан таржимон сифатида ёрдам берган 18 мингга яқин афғонистонлик ва яна 53 минг оила аъзолари АҚШ иммиграцион визаларини олишга умид қилмоқда. Бироқ бу жуда узоқ жараён бўлгани сабабли, уларни эвакуация қилишга қарор қилинди. Aмерикалик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва қонунчилар Вашингтон маъмуриятини ушбу афғонларни AҚШга қарашли Тинч океанидаги Гуам оролига жўнатишга чақирмоқдалар.

Аввалроқ Тожикистоннинг Хатлон вилоятида афғон қочқинлари учун вақтинчалик сақлаш базаси қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эдик.

Шу билан бирга, АҚШ Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, мамлакат қўшинларининг Aфғонистондан олиб чиқилиши 95 фоизга бажарилган.


Малдив оролларидан чиқиб кетаётганлар учун қўшимча тўлов жорий қилинади

Малдив ҳукумати июль ойи бошида солиқ кодексига ўзгартириш киритди, унга кўра республикадан чиқиб кетаётган барча фуқаролардан, шу қаторда сайёҳлардан солиқ ундирилади ва у авиачипталар нархига киритилади (икки ёшга тўлмаган болалар ва дипломатик иммунитетга эга бўлган шахслар бундан мустасно). Янги солиқ аэропорт йиғими ўрнига 2022 йил 1 январдан бошлаб жорий этилади. Янги тартибга кўра, эконом-класс йўловчилари оролдан учиб кетаётган пайтда 30 доллар, мамлакат фуқаролари эса 12 доллар тўлайди. Фуқаролигидан қатъи назар, барча бизнес-класс йўловчилари 60 доллар, биринчи класс йўловчилари эса 90 доллар тўлайди. Хусусий самолёт йўловчиларидан 120 доллар олинади. Бундан ташқари, Велана халқаро аэропортидан жўнаб кетаётган барча йўловчиларга аэропортни ривожлантириш учун 25 доллар миқдорида солиқ солинади. Солиқ фақат долларда тўланади. Aгар бундай имконият бўлмаса, ушбу тўловни авиакомпания орқали тўлаш мумкин бўлади, дея ёзмоқда нашр.

Ҳозирда сайёҳлар 15 долларлик аэропорт йиғимини тўлайдилар. — Интерфакс.


Исроилда COVID-19 коронавирусига қарши орал (оғиз орқали) вакцинасининг клиник синовлари ўтказилади

Мамлакат дунёда биринчи бўлиб коронавирусга қарши бундай турдаги вакцинани синовдан ўтказади. Вакцина Oramed Pharmaceuticals — Oravax Medical кўшма компанияси, шунингдек Ҳиндистон Premas Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. The Jerusalem Post’нинг ёзишича Соғлиқни сақлаш вазирлиги яқин бир неча ҳафта ичида синовларни бошлашга рухсат бериши кутилмоқда. Таъкидланишича, бир неча минг вакцина капсулалари аллақачон ишлаб чиқарилган.

Oramed Pharmaceuticals бош директори Надав Кидроннинг тушунтиришича, янги препарат коронавирус таркибидаги учта оқсилга ҳужум қилади, аксинча, вакциналар эса фақат бошоқли S-оқсилга ҳужум қила олади. «Вирус бир ҳимоя чизиғини ёриб ўтган тақдирда ҳам, иккинчи чизиқ пайдо бўлади, иккинчисини бузса, учинчиси пайдо бўлади», — дейди Кидрон. — The Jerusalem Post.


Хитойнинг Хэнань провинциясидаги тошқинларда ҳалок бўлганлар сони 33 нафарга етди

Фото: Feature China/Getty Images

Провинцияда хавфли ҳудудлардан 376 минг киши эвакуация қилинган. Табиий офатлар майдони 215 минг гектардан ошгани айтилмоқда. Тўғридан-тўғри иқтисодий зарар 1,22 млрд юань (143,5 млн доллар) миқдорида баҳоланмоқда. Метеорологларнинг маълумотларига кўра, ёғингарчиликнинг умумий миқдори 500 мм дан, баъзи ҳудудларда эса 900 мм дан ошган. Кучли ёмғирлар натижасида провинцияда темир йўл, ҳаво ва автомобиль қатнови тўхтатилди, Чжэнчжоу метроси сув остида қолди, йўллар ва уйларни сув босган, шаҳар кўчаларининг бир қисми ҳаракат учун хавфли деб эълон қилинди. — Интерфакс.


Тожикистон ва Россия меҳнат муҳожирлари учун пенсия таъминоти лойиҳаси бўйича келишиб олдилар

Тожикистондан Россияга келган меҳнат муҳожирларини пенсия билан таъминлашни тартибга солиш тўғрисидаги битим лойиҳасининг барча жиҳатлари келишиб олинди, дея таъкидлади Тожикистон ижтимоий суғурта ва пенсия агентлиги директори Дилмурод Давлатзода.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда агентлик пенсия ва ижтимоий суғурта соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қирғизистон ва Ўзбекистон билан музокаралар олиб бормоқда. Душанбе билан тегишли келишувга эга бўлмаган мамлакатларда ишлаётган Тожикистон фуқаролари пенсия ёшига етганда ижтимоий нафақа оладилар, деди Давлатзода. — Интерфакс.


Саудия Aрабистони чет элга фақат тўлиқ эмланганларни чиқаради

Саудия Aрабистони ҳукумати келаси ойдан бошлаб фақат COVID-19 коронавирусига қарши тўлиқ эмланган фуқаролар чет элга саёҳат қилишлари мумкинлигини эълон қилди. «Вакцинанинг иккинчи дозаси 2021 йил 9 августдан бошлаб барча хорижий саёҳатлар учун зарурий шартга айланади», дейилади мамлакат ИИВ баёнотида. Истисно ҳолатлар: 12 ёшгача бўлган болалар; сўнгги олти ой ичида коронавирусга чалиниб ундан тузалганлар; вакцинанинг бир дозаси билан эмланган, касалликдан тикланганлар. Бундан ташқари, фақат эмланган Саудия фуқаролари масофадан туриб ишламасдан ўз ишларига қайтишлари мумкин. — Интерфакс.


Шунингдек:

  • Жанубий Африка Республикасидаги тартибсизликларда вафот этганлар сони 276 нафарга етди. Мамлакатда 10 июлдан буён собиқ президент Жейкоб Зума қамоққа олингани сабабли норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.
  • Озарбайжондаги махсус карантин режими 1 сентябргача узайтирилди. Ҳукумат қарори билан жамоат транспорти, шу жумладан Боку метроси 30 августгача шанба ва якшанба кунлари ишламайди.