20 июль куни Наманган вилояти ҳудудида кучли ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида Наманган шаҳар, Косонсой, Тўрақўрғон ҳамда Уйчи туманларининг айрим маҳаллаларида аҳоли яшаш хонадонлари, кўчаларга сув тошиш ҳолатлари кузатилган, дея хабар берди вилоят ФВБ матбуот хизмати.Фото: Наманган вилоят ФВБ.

Наманган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда сектор раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ҳамда техника воситалари ва қутқарув отрядлари жалб этилиб, юзага келган ҳолатни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида содир бўлган сув сел тошқини натижасида аҳоли яшаш хонадонларида тўпланиб қолган сувларни тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Ходиса жойларига махсус автомабиллар ва хизматчилар ёнғин қутқарув қисми шахсий таркиби шу билан бирга ҳамкор ташкилотлардан 80 та техника ва 584 нафар ишчи ходимлари жалб этилди, дейилади хабарда.

Фото: Наманган вилоят ФВБ.

Наманган шаҳар Юксалиш МФЙда жойлашган 4,5,6,-кўп қаватли уйларнинг ер тўласида сув тўпланганлиги сабабли кўп қаватли уйда яшовчи 100 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакувация қилинди. Ер тўладаги тўпланиб қолган сувларни 4 та ёнғин қутқарув автомабили ва 8 та сув тортиш насослари (мотопомпа) орқали тортиш чоралари кўрилди. Шу билан бир қаторда Наманган шаҳар Давлатабод тумани Елихон маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Шишаки сойи яқинида жойлашган 7 та хонадондаги 32 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакувация қилинди.

Вилоят ФВБ маълумотларига кўра, жабрланганлар йўқ.

ИИВ ЙҲХББ матбуот хизматининг хабар қилишича, сел оқимлари иккита кўприкка зарар етказган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ.

Жумладан, Наманган шаҳар ҳудудидан ўтган 4Р-117 «Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ» автомобиль йўлининг 15-километрида жойлашган кўприкка зарар етган. Ушбу кўприкда созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат тўлиқ чекланган.

Шунингдек, 4Р-112 «Фарғона халка йўли» автомобиль йўлининг 73-километрида жойлашган «Ташлама» кўпригига зарар етган. Бу ердаги созлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан ҳаракат қисман (бир томонлама ташкил этилган) чекланган.

Ҳайдовчиларга тирбандликларни олдини олиш мақсадида вақтинча айланма йўллардан фойдаланиш тавсия қилинди.

Фото: Kun.uz.

Kun.uz маълумотларига кўра, Поп тумани тоғли ''Имомота'' МФЙ ҳудудларидаги сойдан келган сув бир неча автомобилни оқизиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни Қирғизистон ҳудудида кузатилган кучли ёғингарчиликлар сабабли Наманган вилоятининг Косонсой туманига сел келган эди. Тўққиз киши ҳаётдан кўз юмди, олти киши жароҳатланди.

Май ойи бошида эса сел оқимлари Наманган вилоятидаги айрим йўлларга зарар етказган эди.