19 июль куни ўзбекистонлик ММА жангчиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси вице-президенти Мурод Хонтўраев автоҳалокатга учраб, вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Бобур Тўлаганов хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълумот учун, Мурод Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У ўзининг профессионал карьерасини 2013 йилда бошлаган.

Мазкур ЙТҲ тўғрисида ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати қўшимча маълумот берди.

Ҳодиса 19 июль куни соат 11:30 ларда, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-12 автомобиль йўлининг 68-километрида содир бўлган. Йўлнинг бир йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Lacetti ҳамда BMW X5 русумли автомобиллар иштирокида тўқнашган. Тўқнашув оқибатида BMW X5 русумли автомобиль йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Натижада, BMW X5 русумли автомобиль ҳайдовчиси, 1987 йилда туғилган М.Х. воқеа жойида вафот этган ва ушбу автомобиль йўловчиси тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.