Шавкат Мирзиёев «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Нигоҳ» Telegram-канали хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳужжат билан:

  • август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзандлари (ўқув қуроллари, китоб, кийим-кечак) учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Ушбу мақсадлар учун 128 минг болага давлат бюджетидан маблағ ажратилади;
  • «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг олий таълим муассасаларида таълим олаётган фарзандларининг 2021−2022 ўқув йилида тўлов-контракт суммаси биринчи ўқув йили учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандлари ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. 2 мингта ёш оилаларни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва фоиз тўловларини қоплашга Давлат бюджетидан субсидия ажратилади.

Фармонга кўра, 1 сентябрдан талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси (14 фоиз) миқдорида имтиёзли таълим кредитларини бериш жорий этилади.

Нуфузли халқаро рейтинг агентликларининг етакчи 500 талик рўйхатига кирган хорижий олий таълим ташкилотларини тамомлаган ёки уларда илмий даража олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига қўшимчалар тўлаш тизими жорий этилади.

Қайд этилишича, сентябрь ойидан бошлаб, Тошкент шаҳрида илғор хорижий тажриба асосида Ёшлар бизнес мактаби фаолияти йўлга қўйилиб, унда шу йилда 1,4 минг нафар ёшларга тадбиркорлик ва бизнес юритишда яхши натижаларга эришиш ва хавф-хатарлардан ҳимояланиш усуллари ўргатилади. 2022 йилда Ёшлар бизнес мактабининг республика миқиёсида филиаллари ташкил этилади.

1 сентябрдан ёшларнинг «Бизнесга биринчи қадам» стартап лойиҳалари танлови доирасида ҳар бир туман ва шаҳарда 3 нафардан ғолибларга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Лойиҳаларни ҳар бири учун 50 млн сўмлик грантлар берилади.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 11 мартдаги қарорига мувофиқ «Ёшлар дафтари»га киритилганларга 980 минг сўмгача бир марталик ёрдам кўрсатилиши ҳамда «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандларининг тўлов-контракт суммаси 50 фоизигача тўлаб берилиши ҳақида хабар берилган эди.

Президентнинг 20 апрелдаги фармонига кўра, 1 майдан «ёшлар дафтари»га киритилганларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун субсидиялар берилиши ҳақида хабар берилган.