Ҳукуматнинг 11 мартдаги «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарор билан «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

Низомга кўра, «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари, жумладан, қуйидагиларга йўналтирилади:

  • «Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача (980 минг сўм) миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатишга;
  • Ёшларни тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланадиган харажатларнинг 75 фоизигача қисмини қоплашга;
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда БҲМнинг 25 бараваригача (6 млн 125 минг сўм) миқдорда қоплашга;
  • «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун БҲМнинг 40 бараваригача (9 млн 800 минг сўм) миқдорда субсидия ажратишга;
  • мамлакатимиздаги ОТМда ўқиётган «Темир дафтар»га киритилган оилалар фарзандлари тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан (12 млн 250 минг сўм) ошмаган миқдорда тўлаб беришга;
  • «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг аҳволи оғир бўлган бемор фарзандларига мамлакатда ёки хорижий давлатда даволаниш билан боғлиқ харажатларни БҲМнинг 50 бараваридан (12 млн 250 минг сўм) ошмаган миқдорда қоплашга.

Жамғарма маблағларини шакллантириш, бошқариш ва улардан фойдаланиш мақсадида манфаатдор муассасалар раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат таркибда Васийлик кенгаши тузилади.

Васийлик кенгаши раиси ҳар чоракда Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот беради.

Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига олиб қўйилмайди.