Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди кекса одамга куч ишлатишда айбланган патруль пост хизмати собиқ ходимларига нисбатан ҳукм чиқарди, дея хабар бермоқда Yoshlar телеканали.

Ҳодиса 2020 йил 5 декабрь куни содир бўлган. Ҳудуддаги навбатчи ходимлар маст бўлган деган уч фуқарони тўхтатади.

«Келтирилган маълумотларга кўра, улар атрофдагилар ҳаёти ёки хавфсизлиги учун бирор-бир раҳна солувчи хатти-ҳаракат содир этишмаган. Шундай бўлсада ИИБ ходимлари улар билан қўпол муносабатда бўлишган. Гўёки туман ИИБ да тиббиёт ходимлари борлиги ҳақида ёлғон маълумот бериб, шунга асосан уларни туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олиб бормоқчи эканликларини сабаб қилиб кўрсатиб, хизмат автомашинасига ўтиришларини таклиф қилишади. Бироқ 73 ёшли фуқаро уларга қаршилик кўрсатади. ИИБ ходимлари қасддан куч ишлатиб, фуқарони автомашинага ўтказмоқчи бўлишганида унга оғир тан жароҳати етказишади.», — дейилади хабарда

Жабрланувчининг адвокати Нигора Тожибоеванинг аниқлик киритишича, ИИБ собиқ ходимлари кекса фуқарони машинага жойлаштирмоқчи бўлганида, у боши билан урилган.

Суд эндиликда ИИБ собиқ ходимларини Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмининг «к» банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш бир гуруҳ шахслар томонидан) ва 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича айбдор деб топди.

Уларга Жиноят кодексининг 45-моддасини (Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда, 9-моддаси (Айб учун жавобгарлик принципи) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 2 йил муддатга Ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.